Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26-апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, эришилган натижаларни ўртоқлашиш, туризм соҳасида илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчи ва талаба алмашинуви каби масалаларда фикр алмашиш ҳамда бунинг учун доимий фаолият кўрсатувчи муҳокама платформасини ташкил қилиш мақсадини кўзлаган форумда республикамиздаги 11 та олийгоҳ – Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухоро давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат транспорт университети, Андижон давлат чет тиллари институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Урганч давлат университети, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректорлари, проректорлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этишди.
Форум қатнашчилари фаолиятларини Бухоронинг нақши Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳини зиёрат қилиш билан бошлашди. Форум бошланиш арафасида меҳмонлар шайх Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳида барча зиёратчилар билан биргаликда янги марралар, эзгу мақсадларнинг хайрли ижобати учун дуога қўл очдилар.
Форумнинг илк кунида Баҳоуддин Нақшбандий мажмуаси конференция залида “Когон туманининг туризм салоҳияти: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Форумнинг иккинчи куни Бухоро давлат университетида давом этди.
– Қадимий Бухоро заминида биринчи бор ўтказилаётган «Туризм таълими берувчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми»да иштирок этаётган Сиз азиз меҳмонларни самимий қутлаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга ижозат бергайсиз. Бугунги форум доирасида ишлаб чиқиладиган янги ёндашувлар ва таъсирчан ечимлар мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш, туристик хизматлар сифатини янада яхшилаш, туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам такомиллаштиришда самарали татбиқ этилади, деб ишонаман. Форум доирасида Туризм таълими берувчи олий ўқув юртлари уюшмасини ташкил қилиш ҳамда туризм таълими берувчи олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ келишувларга эришилади, деб умид қиламан, – деди БухДУ ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Хамидов. Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамраев Мирали Мухаммаджонович нутқ сўзлаш асносида меҳмонлар ташрифидан мамнуниятини изхор қилди.
Форум давомида меҳмонлар Бухоро давлат университетида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириш асносида муассасадаги янгиликлар хусусида суҳбатлашишди. Талабалар турар жойида яратилган шарт-шароитларни, жумладан, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун ташкил этилган “Беш ташаббус” хоналарини, Заковат бурчагини, “My office” kovorking марказини кўздан кечиришди. 500 минг адабиёт сиғимига эга Ахборот ресурс марказига ташриф буюриб, ўқув заллари, ҳар-бир фойдаланувчига исталган ахборот ресурсдан фойдаланиш учун қилинган тадбирлар билан яқиндан танишишди. “Biznes akselerator” ҳамда унинг таркибидаги Роботехника маркази фаолиятини ўрганиш баробарида БухДУдаги Uniwork тизими хусусида маълумотга эга бўлишди. Меҳмонлар муассасани кўздан кечиргач, Бухоро давлат университети ва Франциянинг Vatel меҳмонхона ва туризм олий мактаби “Халқаро меҳмонхона менежменти” қўшма бакалавриат дастури ҳузурида ташкил этилган “Vatel cafe”да бир финжон қаҳва устида келгусидаги ишлар хусусида суҳбатлашишди. Суҳбатдан сўнг БухДУ ва Франциянинг Vatel меҳмонхона ва туризм олий мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма дастурида яратилган шарт-шароит билан танишишди.
Форумининг учинчи кунида иштирокчилар Ромитан туманига ташриф буюришди. Тумандаги туризм обектлари, хусусан, Чориқулбой Пирнафас ўғли номидаги кўприк ҳамда марказда жойлашган сайлгоҳни кўздан кечиришди. Ромитан туманидаги Bukhara Desert Oasis & Spa ekoklasteri билан танишишди. Экокластер фаолияти билан танишиш асносида туристлар оқимини ошириш юзасидан фикр алмашишди. Шундан сўнг, Туман ҳокимлигида “Ромитан туманининг туризм салоҳияти: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.