USD10 538.53–0.15%
RUB141.58–1.46%

Бухорода содир этилган жиноятларнинг 3414 таси профилактика инспекторлари томонидан фош этилгани маълум қилинди

Бухоро вилоятида содир этилган жиноятларнинг 3414 таси маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб борувчи профилактика инспекторлари томонидан фош этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ раҳбари Шуҳрат Aлиев иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Вилоят ИИБ бошлиғининг маълумот беришича, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли ташкил этиш мақсадида ИИБдан олисда жойлашган аҳоли пунктларида 22 та ички ишлар бўлими ва бўлинмаси ташкил этилган. Вилоятдаги 544 та маҳалланинг ҳар бирига профилактика инспектори лавозими жорий этилиб, уларнинг сони 146 тага ортган ва 562 нафарга етказилган. Натижада содир этилган 3570 та жиноятнинг 3414 таси профилактика инспекторлари томонидан фош этилган.

Шунингдек, МФЙларда 560 та жамоатчилик назорат маскани ташкил этилиб, уларда 2023 нафар “Фидокор ёшлар” гуруҳларининг патруллик хизмати йўлга қўйилган. Саъй-ҳаракатларга кўра, қотиллик 3 тага, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 14 тага, жамоат жойида содир этилган жиноятлар 5 тага ҳамда гуруҳ таркибида жиноят содир этилиши 7 тага камайишига эришилган.

“Бироқ очиғини айтиш лозимки, ҳозирги вақтда жиноятчиликка қарши курашда маҳалла фаолларининг ўрни сезилмаяпти. Бу бевосита амалга оширилган ишлар қаторида ҳудудларда жиноятлар сонининг ортиб, камчиликларнинг юзага келишига туртки бўлди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020-йил мобайнида вилоятда жиноятлар сони 2019-йилга нисбатан 850 тага, (2720/3570), жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 682 тага (1684/2366) кўпайишига йўл қўйилган. Юқорида қайд этилган 3570 та жиноятнинг 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 184 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 42 тага (142/184) кўпайди”, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи.

Мавзуга оид