Шу боис, Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Охирги йиллар том маънода ўзгаришлар, янгиланишлар даври бўлди, десак адашмаймиз. Айниқса, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги кейинги 6 йил туб бурилиш ясади. Албатта, бу ютуқлар тасодифан бўлгани йўқ. Буларнинг негизида Президентимизнинг чуқур ўйлаган сиёсати ва иродаси, халқимизнинг фидокорона меҳнати турибди. Ҳар бир ўзгаришлар қоғоздаю, оғизда эмас, балки одамларнинг ҳар кунги ҳаётида акс этмоқда. Бу аҳоли даромадининг изчил ўсаётгани, одамларнинг яшаш шароити тубдан яхшиланиб, кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгараётагнида намоён бўлаётир.
Биргина “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби самарали тизимлар орқали минглаб ёшлар, хотин-қизлар ишли, даромадли бўляпти. Янги уй-жойлар барпо этилаётгани туфайли узоқ йиллар бошпанасиз бўлган қанчадан-қанча оилалар шахсий уй-жойга эга бўлмоқда.
Президентимизнинг ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи ҳам яна бир катта воқеликка айланди. Вилоят аҳлига чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, одамларни фаоликка чорлади.
Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келган, ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган муқаддас шаҳарлардан. Бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топган ва яшаган. Уларнинг маънавий мероси асрлар ошсада қадрини йўқотмайди. Президент ташрифни Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлаганида ҳам бу зотларга ҳурмат уларнинг маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, инсонлар қалбини бузғунчи ғоялар эгаллаб олмаслиги учун уларнинг илмий меросини ўрганиб, амалётга жорий қилиш каби эзгу мақсадларга қаратилгандир. Бу соҳадаги амалий ишларни давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадраса мисолида бориб кўрди.
Ушбу мадраса 500 йиллик тарихга эга. Ундан дунё тамаддунига ўз ҳиссасини қўшган кўплаб улуғ инсонлар, олимлар, уламолар, имомлар, муфтийлар етишиб чиққанани барчамизга аён. Лекин ўтган асрда унинг мақоми ўрта махсус билим юрти даражасига тушиб қолган эди ва етарли қаров бўлмагани учун бино зах тортган, таълим олувчилар учун ҳам китоблар етишмасди. 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга келиб, аҳволни кўрган, мадрасанинг тарихий мавқеини тиклашни мақсад қилган эди. Олий мақсад ўз ижросини топиб, бугунги кунда Арк қўрғонидан узоқ бўлмаган жойда янги бино барпо этилди ва яқинда фойдаланишга топширилди.
Айни вақтда 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллардан
107 нафар талаба пухта таълим олмоқда. Бу ерда таълим олаётган ёшлар учун замонавий ва қулай ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси, спортзал, бассейн ва хизмат уйи каби барча қулайликлар яратилган.
Сўнги олти-етти йилда барча соҳалар сингари олий таълимга берилган эътибор туфайли Бухоро вилоятида давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони 11 тага етиб, ёшларни олий таълим билан қамрови ҳам бир неча карра ошди. Шунга мос равишда ёшларни таълим олиш учун давлат томонидан 50 яқин ижтимоий қўллаб-қувватлов шароитлари ҳам яратилди. Натижада, ёшларни олий таълим муассасасига ўқиш истиги, зиёли бўлиб жамият корига яраш каби улуғвор мақсадлари ортиб бораётгани қувонарли.
Тўғриси, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, тайинли ишли, доимий даромад манбаига эга бўлиши, оиласи билан тинч-хотиржам бўлса, яшашга иштиёқи ошади, ишида унум-барака бўлади, янгилик яратгиси келади. Ҳозир ким билан гаплашманг, улар бугунги ўзгаришлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиради. Агар ривожланиш шу суръатда давом этса, кейинги беш йилда ўзгаришлар кўламини тасаввурга сиғдириш қийин.
Ташриф доирасида Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча қувватларни яратиш ва самарадорликни ошириш зарурлигига урғу берилди. Агар вилоятнинг иқлими иссиқ эканлигини ҳисобга олсак, бундан фойдаланиб, 740 та корхонада 22 Мегаваттли, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйлар устида 11 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкин.
Шу жиҳатдан, электр тармоқларини янгилаш орқали 50 миллион киловатт соат электр йўқотишларини камайтириш, 45 та йирик саноат корхонасида энергия сарфи юқори бўлган ускуналарни алмаштириш имконияти кўрсатиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун вилоят аҳлининг кайфияти юқори, эртанги кунга ишончи баланд. Ушбу ташриф ҳудуднинг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, халқимизнинг тинчлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга албатта хизмат қилади.
Азизбек ОМОНОВ,
Бухоро давлат университети Биринчи проректори,
Социология фанлари бўйича фалсафа доктори
Бухорода муқобил энергия манбаларини қўллаш имкониятлари юқори
Фикр билдириш
Фикр билдириш