Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги «Чекирчи» маҳалласида яшовчи фуқаро Қаюм Ҳусенов оилавий эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғини масъулларига икки маротаба мурожаат қилган бўлса-да, Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан пандемия шароитида моддий кўмакка муҳтожларга давлат бюджетидан берилган бир марталик моддий ёрдам пулидан қуруқ қолган.
Бу ҳақда «Дарё»га мурожаат қилган Қаюм Ҳусеновнинг айтишича, у бундан ўн йил илгари «Бухоронефтбаза» унитар корхонаси Қоракўл филиалида оператор вазифасида ишлаган. Ўн йилдан буён оиласини мардикорлик билан боқади. Уч нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Наргиза Фозилова туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси.
«Пандемия даврига қадар эски ‘аравам’да одамларнинг юкини ташиб, мардикорлик қилганман. Пандемия сабабли олти ойдан буён, чамаси, мардикорлик ортидан пул топишимга ҳам имкон бўлмади. Тўғри, тўрт сотих томорқа ер майдонимиз бор. Имкон даражасида ундан фойдаланиб, рўзғорни наридан-бери тебратиб турибмиз. Эркак кишига бу гапни айтиш осонмас, аёлимнинг 500 минг сўм маоши билан болаларнинг китоб-дафтарига бўлган эҳтиёжини таъминлаб турибмиз, — дейди Қаюм Ҳусенов. — Бу биргина масала эмас. Бир неча марта билдиришимга қарамай, ҳеч бўлмаса, олти ой муддатга бериладиган нафақа пулидан ҳам ёрдам қилишмаган».
Фуқаронинг айтишича, маҳаллада моддий кўмакка муҳтожлик бўйича маблағ олган айрим оилалар ундан кўра, тўқроқ ва яхши шароитда яшайди.
«Дарё» мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида «Чекирчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбар Арслонова билан телефон орқали мулоқот қилди. Маҳалла раиси мазкур маҳаллада 818 та оила (3631 нафар фуқаро) яшаб келаётганини, ҳудудда иккита оила кам таъминланган оила сифатида 57 та оила эса камбағал оила сифатида рўйхатга олинганини билдирди.
«Қаюм Ҳусенов таксичилик билан шуғулланади. Туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси бўлган турмуш ўртоғи Наргиза Фозилованинг ойлик маоши эса 1 миллион 140 минг сўмни ташкил этади. Оилага кираётган бу маблағ ҳамда тўрт сотих унумли томорқа оилага бир марталик моддий ёрдам пули заруратини туғдирмайди», — дейди «Чекирчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбар Арслонова.
Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасидан ҳамшира Н.Фозилованинг иш ҳақи бўйича тақдим этилган маълумотномага кўра, унга бир ойда 532 минг 982 сўмдан 570 минг 298 сўмгача маош белгиланган. 2020 йилнинг январь ойидан июль ойига қадар жами 3 миллион 954 минг сўм маош олган. Март ойи учун кечиктирилган ойлик маоши апрель ойида биргаликда 1 миллион 140 минг сўм қилиб тўлаб берилган.
«Тўғри, Қаюм Ҳусенов таксичи эмас. Аммо эски, таъмирталаб аҳволдаги ‘Жигули’ машинаси бор. Шу орқали маҳалла ичидагина одамлар юкини ташийди. Ўзимиз ҳам фойдаланганмиз. Кейинги пул тарқатилишида ‘темир дафтар’га киритиб, бу оилага ҳам бир марталик моддий ёрдам пулини берамиз. Майли, маълумотномадаги хатомизни тўғрилаб, қайта ёзиб берамиз. Турмуш ўртоғининг ойлик маошига келсак, оилага моддий ёрдам пули ёзиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштираётганда берилган маълумотномага қараб, шу суммани киритганман», — дейди МФЙ раиси.
Кейинчалик маҳалла раиси «Дарё» мухбирига қўнғироқ қилиб, фуқаро Қаюм Ҳусеновнинг оғзаки мурожаати ўрганиб чиқилганини, мазкур оиланинг кўмак пулига эҳтиёжи борлиги маълум бўлганини билдириб, биринчи сектор раҳбари билан оилага бир марталик моддий ёрдам пулини етказилганини айтди.
Маҳалла раисига кўра, бир марталик моддий ёрдам пули оиланинг уч нафар фарзандлари — 2010 йилда туғилган Робиябону Шойимова, 2013 йилда туғилган Озодбек Шойимов ҳамда 2015 йилда туғилган Насиба Шойимоваларга берилган.
«Ушбу маблағ ҳам эътиборсизлик туфайли бошқа фуқарога бериб юборилган пулнинг қайтарилгани эвазига берилди. Оиланинг қолган икки нафар аъзосига кейинги босқичда етказилади», — деди Дилбар Арслонова.
Маҳалла раисига кўра, бир марталик моддий ёрдам пуллари биринчи маротаба 83 та оиланинг 331 нафар аъзосига 66 миллион 200 минг сўм миқдорда, иккинчи бор тарқатилганда эса 93 та оиланинг 345 нафар аъзосига 75 миллион 900 минг сўм миқдорда етказилган.
Вилоят ҳокимлигидан маълум қилинишича, вилоятда пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, «темир дафтар»га киритилган 17 316 та эҳтиёжманд оилага жами 14,4 миллиард сўм тарқатиб чиқилмоқда. Рўйхатга киритилган 65 517 кишининг ҳар бирига 220 минг сўмдан нақд шаклида тарқатилмоқда. 2020 йилнинг 12 август ҳолатига кўра, вилоятда эҳтиёжмандларга берилиши режалаштирилган 14,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам пулининг 10 миллиард 724 миллион 560 минг сўмлик маблағ етказиб берилган. Айни пайтда маблағларни эгаларига етказиб бериш тадбирлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 июлдаги фармонига мувофиқ пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар»га) киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Қурбон ҳайити арафасида 1 миллион сўмдан моддий ёрдам тарқатилиши таъкидланган эди.
2020 йил 1 август куни тушдан кейин Тошкент шаҳар Сергели туманида аҳоли вакиллари туман ҳокимлиги биноси атрофида тўпланиб, эҳтиёжманд оилалар учун 30 июндан бошлаб берилаётган нақд пул шаклидаги маблағлар масъуллар томонидан нотўғри тақсимланганини айтиб, норозилик билдирди. Шу куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу можаро сабаб маҳаллага бориб аҳоли билан учрашгани хабар берилганди.
Муаллиф: Лайло Хайитова