16 сентябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Бухоро муҳандислик-технология институтида бўлиб, Президент раислигида ўтказилган йиғилишда муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси ҳамда институтда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб чиқди.
Хусусан, вазир «Кибернефтгаз» олий муҳандислик мактаби очилишида қатнашди ҳамда «Фаcэ ИД» тизими, лаборатория хоналари, Регистратор офиси ва «Машинасоз» технопарки фаолиятини кўздан кечирди.
Қайд этилганидек, «Кибернефтгаз» олий муҳандислик мактаби «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда ўқув хоналарда, машғулот қурилмалари, симуляторлар, замонавий дастурлар, ВР зоналар мавжуд. Мазкур мактабда Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек юртимизда мавжуд бўлмаган муҳандислик йўналишлари – таннарх муҳандислиги, қиёслаш муҳандислиги, қайта муҳандислик йўналишлари ўқитилиб, ишлаб чиқаришда муаммоли вазиятни ҳал этишга қодир кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
Шунингдек, вазир Қ.Шарипов институтнинг «Иссиқлик техникаси. Термодинамика» лабораториясини кўздан кечириш жараёнида энергоаудит бўйича корхоналар билан ишлаш ишларига эътибор бериш кераклигини таъкидлади.
Ушбу ўқув ва илмий лаборатория хонасида 2024 йил Ислом тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 17 та замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ўрнатилган бўлиб, уларда 138 та лаборатория ишларини бажариш имконияти яратилган.
Масъуллар ахборотига кўра, мазкур лаборатория жиҳозларидан фойдаланган ҳолда ҳозирда «Энергия самарадорлигини назорат ва бошқаришнинг автоматлаштирилган дастурий-ахборот таъминоти» мавзусидаги 400 млн сўмлик «драйвер» инновацион лойиҳа, Ўзбекистон иқлимий шароитида самарадор ишловчи шамол энергетик қурилмасини яратиш мавзусидаги 500 млн сўмлик амалий лойиҳа ва «Саноат корхоналарида энергетик текширувлар ўтказиш» мавзуси бўйича 1,8 млрд сўмлик хўжалик шартномалари бажарилиб келинмоқда.
Шундан сўнг, вазир Қўнғиротбой Шарипов «Машинасоз» технопарки билан танишиб чиқди. Технопаркда Ислом тараққиёти банки маблағлари ҳисобидан 10 дона РДБли универсал токарлик, РДБли фрезалаш-йўниш дастгоҳлари, универсал фрезалаш, токарлик-винтқирқар, лазерли металл кесиш, айлана жилвирлаш, вертикал-пармалаш, пармалаш-фрезалаш дастгоҳлари, тиш фрезалаш ярим автомати келтирилди.
Ушбу технопаркда ўқув машғулотларини ўтказиш билан бир қаторда, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар, докторантлар ва талабалар томонидан илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун барча шароитлар яратилгани алоҳида қайд этилди.