Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми” ўтказилди.
Илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро анжуман иштирокчилари сафида Марказий Осиё давлатларининг масъул давлат идоралари вакиллари ҳамда халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг етакчи экспертларини кўриш мумкин эди.
Тадбирда Олий Мажлиси Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.Нарбоева онлайн тарзда кириш сўзи билан иштирок этди.
Форумда дастлаб халқаро ҳамжамият эътиборига Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига бағишланган тақдимот ҳавола этилди.
Таъкидланганидек, 2021-2022 йилларда қабул қилинган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда очиқликни таъминлаш ҳамда турли соҳа ва йўналишларда шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 175 та вазифа ва топшириқ белгилаб берилди.
Мазкур топшириқларнинг 47 таси қонунчиликда амалда мавжуд бўлган тартиб-таомилларни очиқлик принциплари асосида такомиллаштиришга қаратилган бўлса, 94 таси бўйича янги механизмларни жорий этиш назарда тутилган.
Муҳими, тизимли ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Чунончи, “Open data watch” ташкилотининг “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида Ўзбекистон 2020 йилда 125 -ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йилга келиб, 40-ўринга кўтарилиб олди.
Дарҳақиқат, давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди.
Форумда таъкидланишича, мазкур форумнинг айнан Бухорода ўтказилаётгани бежиз эмас.Таҳлиллар кўрсатмоқдаги, вилоят аҳолиси коррупцион ҳолатларга муросасизлиги билан ажралиб турибди.
-Давлат органи фаолиятининг очиқлиги нима учун керак? Бу давлат органига нима беради?, деган саволлар туғилиши табиий, – деди форумда сўз олган Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов. – Давлат органининг очиқлиги, авваламбор, ҳисобдорлик учун керак. Яъни халқ давлат органига эмас, балки давлат органи халққа хизмат қилиши керак деган тамойилни тўлақонли амалга ошириш учун зарур. Одамлар у ёки бу ташкилот нима иш қилаётганини, унинг фаолияти самарадорлигини билиб туриши керак.
Қолаверса, ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс ҳам, вақт ҳам етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот технологиялари қўлланилиши лозим. Яъни ҳар бир ходим, ўзининг фаолияти тўлиқ жамоатчилик назоратида эканлигини, айтилган ҳар бир гапи, ҳаракати минглаб нигоҳлар кузатувида эканлигини ҳис қилса, у ўз ўзидан ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Шу ўринда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиш ўринли.
Очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашида Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия иш олиб бормоқда.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ўз вақтида ёритилиб борилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли Фармонига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 декабридан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши мажбурий этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларини “Бухоро” телеканали, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги ресурслари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш амалиёти тизимли йўлга қўйилди. Мазкур сессияларнинг жонли трансляция қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга ва муҳокама қилинаётган масалаларнинг мазмуни билан бевосита танишишга хизмат қилмоқда.
Аммо тан олиб айтишимиз керакки, очиқликни таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган ишларимиз ҳали талайгина. Албатта, бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун барча имкониятлар етарли.
-Мазкур форум ҳам жамият ва давлат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масала – давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги тажрибаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда барча учун бирдек муҳим бўлган қарорларни қабул қилиш учун фойдали майдон вазифасини ўтайди, деган умиддаман, – деди пировардида вилоят раҳбари.
Форум ўз ишини “Давлат идоралари фаолияти очиқлигининг коррупцияга қарши курашдаги роли”, “Очиқ маълумотлар экотизимини яратишнинг долзарб масалалари”, “Очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмлари” каби сессиялардаги муҳокамалар билан давом эттирди.Форумда Марказий Осиё давлатлари вакилларидан ташқари, Франция, Германия, Словения каби давлатлар вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашдилар.
Мулоқотлар мобайнида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда очиқликни таъминлашга доир самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш масалаларида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишга тушириладиган яна бир муҳим лойиҳа — “Open Data” электрон платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур платформа давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг салоҳиятини ошириш борасидаги тизимли ишларни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у ходимларга иш жойидан ажралмаган ҳолда онлайн ўқиш имконини беради.
Платформада ҳар бир ўқув модули якунида тингловчининг билими тест ва бошқа интерактив усуллар ёрдамида синовдан ўтказиш, тўплаган баллар асосида уларнинг рейтингини юритиш ва юқори натижага эришганларни моддий рағбатлантириш тизимини жорий этилган.
Форум якунлари бўйича “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми” тавсиялари қабул қилинди.