Бухорода хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 14 та мактаб ташкил этилади

 Бухорода хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 14 та мактаб ташкил этилади

Хорижий тилларга ўқитишнинг сифатини ошириш мақсадида 2021-2022 ўқув йилида Бухоро вилоятдаги 14 та умумтаълим мактаблари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.

Ма’лум қилинишича, айни пайтда вилоят умумтаълим мактабларида 4 минг 438 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Мавжуд 536 та умумтаълим мактабининг 484 тасида инглиз тили фани ўқитилади. Бу жараённи 2 минг 206 нафар педагоглар олиб бормоқда. Хорижий тил педагогларининг 250 нафари француз, 215 нафари немис, 1 минг 767 нафари рус тили фани ўқитувчилари улушига тўғри келади.  

Вилоятда хорижий тилларга ихтисослаштирилган 16 та мактаб, 4 та вариатив мактаб мавжуд бўлиб, ушбу муассасаларда ўқувчи-ёшларга  чет тиллари чуқур ўргатиб борилади.  

«Айни пайтда мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани ҳеч биримизга сир эмас»,– дейди вилоят ҳокимининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева.

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан халқаро тажрибалар асосида вилоятда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, «English Speaking Nation» дастури асосида вилоятга 2 нафар халқаро экспертлар жалб қилинган. Улар билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш ва ўқитувчилар салоҳиятини юксалтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Инглиз тили ўқитувчиларининг сифат таркибини ошириш мақсадида вилоят Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида америкалик мутахассис Алиса Бредлей раҳбарлигида инглиз тили фани ўқитувчилари учун 2021 йил февраль-май ойларида қисқа муддатли курслар ташкил этилди.

Инглиз тили фани ўқитувчиларининг касбий маҳоратини юксалтириш, бу орқали чет тилини билиш даражасидаги сертификатга эга бўлган педагогларни ошириш мақсадида вилоят халқ таълими ташаббуси билан яна бир янги лойиҳага қўл урилди. Мазкур лойиҳа асосида дастлаб инглиз тили фани ўқитувчиларининг чет тилини билиш ва эгаллаш даражаси аниқланади.

Айни пайтда вилоят умумтаълим мактабларида 2 минг 352 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари фаолият юритаётган бўлса, лойиҳада уларнинг 2 минг 232 нафари иштирок этиш истагини билдирган.

Жорий йилнинг март ойи охирида иштирокчиларнинг ёзма кўникмаларини аниқлаш мақсадида A2, B1, B2 ва C1 тил билиш даражаларини баҳолаш тести ҳамда гапириш кўникмаларини баҳолаш синовлари бўлиб ўтди.

Лойиҳа дастурига вилоятдаги барча туманларнинг ўзида юқори даражадаги сертификатга эга мутахассисларни йўналтирган ҳолда 6 ойлик тил кўникмаларини ривожлантириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш йўлга қўйилди.

Айни пайтда вилоятдаги инглиз тили фани ўқитувчиларининг 11 фоизи тил билиш даражасини белгиловчи сертификатларга эга. Лойиҳа асосида жорий ўқув йилининг якунига қадар бу қамровни 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. Мазкур ўқув йилидаги умумтаълим мактаблари битирувчиларидан 308 нафари сертификатларга эга. 279 нафари халқаро ва 23 нафари миллий доирадаги сертификатларни қўлга киритган.

Шунингдек, рус тили фанини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «КЛАСС!» («Зўр!») лойиҳаси доирасида Россиядан 2 нафар фан методистлари ва 5 нафар малакали ўқитувчилар жалб этилган. Методистлар ҳудудий малака ошириш марказида, 5 нафар ўқитувчи Олот, Қоракўл, Ромитан, Шофиркон ва Ғиждувон туманларидаги мактабларда фаолият олиб бормоқда.  
 
Зариф Комилов ёзиб олди. ЎзА

Мавзуга оид