Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Санкт-Петербургнинг Выборг шаҳрида ташкил этилган “Бухоро амирларининг Чор Россияси Императорларига ҳадялари” деб номланган халқаро кўргазмада қатнашди.
Дунёга машҳур Эрмитаж музейининг Выборг шаҳридаги филиали раҳбари, халқаро кўргазма ташкилотчилари, музей ходимлари Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги делегацияни кутиб олди.
Ўзаро самимий руҳда ўтган учрашувда томонлар халқимизнинг бой тарихи, маданияти, Россия императори ва Бухоро амирлари, Хива ва Қўқон хонларининг дипломатик муносабатлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Эрмитажнинг Выборг филиалига эсдалик совғалари ҳамда БухДУ олимларининг китоблар жамланмасини тақдим қилди. Кўргазмадан жой олган Бухоро амирлиги, Ўрта Осиё хонликлари, Хива ва Қўқон хонликларидан Россия императорига ҳадя қилинган совғалар, тарихий шарт-шароит сабаб олиб келинган буюмларни кўздан кечиришди.
Эътиборли жиҳати шундаки, 33 экспонат илк бор омма эътиборига ҳавола этилди. Ишчи гуруҳ раҳбари БухДУ ректори Обиджон Ҳамидов яқин фурсатда Эрмитаж билан ҳамкорликда ушбу халқаро кўргазмани Бухоро шаҳрида ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Шундан сўнг, Бухоро давлат университети делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1910 йилда қурилган жомеъ масжидида бўлди. Бу ерда масжид мутасаддилари билан учрашув ўтказилди. Масжид тарихи архитектураси билан танишди. Ўз даврида рус диёрида мазкур масжиднинг барпо этилиши халқимизнинг бағрикенглик маданиятининг тимсоли дейиш мумкин. Ушбу масжид Санкт-Петербургда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ибодатларини тўла-тўкис адо этишлари учун бугунги кунда ҳам хизмат қилмоқда.
Бухоролик делегация аъзолари Россия давлат Эрмитажи директори Академик Михаил Борисович Пиотровский билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида учрашув ўтказди. Унда археология, музейшунослик, реставрация масалалари бўйича музокаралар олиб борилди. Келишувларга эришилди. Учрашув давомида Бухорода “Эрмитаж кунлари” кўргазмасини ташкил этишга, шунингдек, ушбу йўналишдаги талаба, магистр, профессор-ўқитувчилар учун Эрмитажга стажировкалар ташкил этишга келишилди.
БухДУ делегацияси Эрмитажнинг Шарқ халқлари, жумладан, Ўрта Осиё ва Ғарбий Европа бўлимларида бўлди. Шунингдек, Эрмитажнинг “Кўҳна манзилгоҳ” ҳамда реставрация бўлимларида бўлиб тарихий ноёб экспонатларни сақлаш, уларни тиклаш, музейшунослик масалалари бўйича Эрмитаж илмий ходимлари билан фикр алмашилди. Бухоро тарихи археологияси бўйича экспонатлар кўздан кечирилди. Янги маълумотлар, экспонатлар қайд қилинди.
Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетидаги учрашув кутилганидан мазмунли кечди. Қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети олимлари билан илмий ҳамкорлик қилиш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда истиқболли келишувларга эришилди.