Бухорода 3 кг опий олиб кетаётган «Lacetti» тўхтатиб қолинди

 Бухорода 3 кг опий олиб кетаётган «Lacetti» тўхтатиб қолинди

Бухоро вилоятида 3 кило 165 грамм опий олиб кетаётган «Lacetti» тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Самарқанд–Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган «Lacetti» Сирдарё вилоятидаги «Янгиобод» ЙПХ масканида тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган хориж фуқароси ҳамда Тошкент шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаро ёнида 3 кило 165 грамм опий гиёҳвандлик воситаси ҳамда 35 дона психотроп таблетка борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида улар мазкур гиёҳванд моддаларни Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳда халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлган чет эл фуқаросидан 15 минг АҚШ долларига сотиб олгани маълум бўлди. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, хорижлик ҳайдовчи вақтинча бўлиб турган Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳ ҳамда унинг бошқарувида бўлган юк автомашинаси кўздан кечирилган.

Унда машинанинг салон қисмида 15 минг АҚШ доллари ҳамда у томонидан автотураргоҳнинг ёрдамчи биносига яшириб қўйилган 3 кило 960 грамм опий гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Тергов давомида Афғонистонда етиштирилган ушбу наркотик моддалар учинчи давлат орқали Ўзбекистонга олиб кирилгани маълум бўлган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлар доирасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид