Бухоро вилояти 1,12 гектар бўш ерни 120 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда фуқаро Р.Х. Бухоро тумани «Боғдашт» маҳалласи ҳудудидан дастлаб туман ҳокимининг қарори билан «С.К.Р» МЧЖга кўп қаватли уй-жой қуриш учун 1,12 гектар бўш ер майдони ажратилиб, кейинчалик мазкур қарор туман ҳокимининг қарори билан бекор қилиниб, ер майдони ҳокимлик захирасига қайтарилган бўлишига қарамасдан, ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу ерни 120 минг долларга сотишга келишиб, келишилган пулдан 70 минг долларини ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.