Олий таълим муассасаларидан бирининг Талабалар турар жойи қозонхонаси ишчиси ўзини отиб қўйди ва воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ўз манбаси маълум қилди.
Ҳолат 10 январь куни соат 16:20да Бухоро давлат университети Талабалар турар жойига яқин ҳудудда содир бўлган.
Аниқланишича, университет ётоқхонасига қарашли қозонхона ишчиси, 33 ёшли фуқаро Х.М. ётоқхонага яқин манзилда турган ўз автомашинасига ўтирган ва ёнида бўлган пневматик қуролни қўлига олган ва эҳтиётсизлиги сабаб тана қисмига яқин тутган ҳолда тепкини босиб юборган. Оқибатда узининг чап кўкрак қисми жароҳатланган.
Х.М. автомашинасидан тушиб, ётоқхонанинг биринчи қаватида жойлашган тиббиёт пунктига биринчи ёрдам сўраб борган.
Биринчи ёрдам кўрсатилган, бироқ қон йўқотиши оқибатида у вафот этган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Марҳум фуқаро томонидан пневматик қуролнинг қонуний ёки ноқонуний сақлаб келингани ҳолати ҳам ўрганилмоқда», – дейди ҳуқуқ-тартибот органи ходими.