Йиғилишни Бухоро туман ҳокими ўринбосари З.Аслонов кириш сўзи билан очиб, йиғилиш қатнашчиларини кун тартибидаги масала билан таништириб, жорий йилги пахта йиғим–терими компаниясини “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси” томонидан 2022 йил 12 августда ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар асосида ташкил этиш ҳамда терим мавсумини беталофат ўтказиш шартлигини таъкидлади.
Кун тартибидаги масала юзасидан Халқаро меҳнат ташкилотининг Мажбурий ва болалар меҳнати мониторинги бўйича миллий эксперти Ш.Ғаниев сўзга чиқиб, пахта йиғим-теримига вояга етмаган ёшларни яъни мактаб ўқувчиларини жалб қилиш қатъиян мумкин эмаслигини, теримчилар учун зарур бўлган барча шароитларни яратиш кераклигини, ушбу талабларнинг ижро мониторинги тегишли гуруҳлар томонидан олиб борилиши, ўрганиш давомида белгиланган талабларга риоя қилмаган раҳбар ва мутасаддиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади. Шу билан бирга деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан тоза ва сифатли териб топшириш кераклигини айтди.
Мазкур масала юзасидан Бухоро вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори Ҳ.Иброҳимов сўзга чиқиб, пахта йиғим-терими мавсумида иш берувчилар томонидан теримчилар учун терим фронтини таъминлаш, уларга қайнатилган сув ва иссиқ овқат ташкил қилиш, уларнинг ювиниши, овқатланиши ва дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш, терим пулларини ўз вақтида бериб бориш, терилган пахтани ўлчашни пахта даласига яқин жойда ташкил қилиш, теримчиларни узоқда бўлган пахта далаларига рухсат этилган йўловчи ташиш транспорти ёрдамида олиб бориш ва қайтариб олиб келиш,.пахта йиғим-теримига жалб қилинган барча турдаги транспорт воситалари техник соз ҳолда бўлишини таъминлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини яратиш, пахта йиғим теримига жалб қилинган барча ишчи-ходимларни меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва йўл ҳаракати қоидалари билан таништирилишини таъминлаш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади.
Бухоро вилоят Бандлик бош бошқармаси Бухоро туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори С.Одилов сўзга чиқиб, жорий йилги пахта йиғим–терими компаниясини “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси” томонидан 2022 йил 12 августда ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар асосида ташкил этиш шартлигини таъкидлаб, ўрганишлар давомида мазкур топшириқларнинг ижросини таъминламаганлиги аниқланган тақдирда раҳбар ва мутасаддиларга нисбатан маъмурий ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкинлигини айтиб ўтди.