«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Бухоро вилояти Ромитан туманидаги масъул ходимлари 297,8 миллион сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.
Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ромитан туман бўлими томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширув ўтказилган. Бошқармага қарашли Сув таъминоти ва канализация цехи ҳамда ҳудудий участкаларнинг товар-моддий бойликлар бўйича жавобгар шахслари Н.Б. ва Б.У. ўзининг ихтиёрида бўлган товар-моддий бойликларни сақлаш ва сарфлашда ички тартиб-қоидаларига риоя қилмасдан, ишониб топширилган жами 297,8 миллион сўмлик қувур ва иккиламчи қора металларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жавобгар шахс Н.Б. ва Б.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Маълумот учун, ушбу моддага кўра, жиноятчилар базавий ҳисоблаш миқдориининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Тошкентда 200 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган собиқ ширкат раҳбари қўлга олингани хабар қилинган эди.