Бухоро шаҳар «Гулшан» маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Х.Х. исмли аёл бошқа бир аёлни алдаб, уни ишонтириб, ушбу аёлнинг укаси Б.Б. ни ваколатли танишлари орқали Бухоро шаҳридаги «Осиё халқаро университети»га ўқишга киритишни ваъда қилади.
Б.Б. билан консалтинг хизмати кўрсатиш ҳақида унинг номидан ноқонуний равишда консалтинг хизмат кўрсатиш шартномасини тузишга эришиб, дастлаб 2022 йил декабрь ойида фирибгарлик йўли билан 2,6 млн. сўм олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари у, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Университетдан шартномани олмагани ва ҳозирги кунга қадар шартнома тўловларини тўламаганлигини рўкач қилиб, унинг ўқишга кириши учун ўзининг ваколатли танишларига 350 АҚШ доллари берганлигини ва Б.Б. ни ўқишга тиклаб бериши учун яна 100 АҚШ доллари бериши лозимлигини айтиб, бунинг эвазига қўшимча равишда яна 3 млн. сўм беришини талаб қилади.
2023 йил 4 январь куни Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу аёл Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчасида талаб қилинган пулларни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 25/211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.