USD10 518.99+0.17%
RUB139.07–0.87%

Бухорода ўтказилган дрон шоуда дронларнинг ўғирланмагани маълум қилинди.

Бухоро вилоятида ўтказилган дрон шоуда учирилган дронлар ўғирланмагани маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 8 январь куни Бухоро шаҳридаги Пойи калон ансамблида дронлар шоуси ўтказилган. Шоуда осмонга учирилган 500 та дроннинг бир нечтаси қайтиб тушмаган.

Шундан сўнг вилоят Кадастр агентлиги бошқармаси дронлар шоуси кўтаринки кайфиятда ўтганини айтиб, дронларнинг йўқолганини билдирган ва топишда кўмак сўраган.

«Республикамизда илк дронлар шоуси 2020 йил кириб келиши муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилди ва унда 250 дона дрон учирилди. Худди шунингдек, Наврўз байрамида ҳам шундай шоуни ташкил этишни мўлжаллагандик. Бироқ пандемия сабабли дронлар шоуси қолдирилди. Шу боис 2021 йил бошида аҳолига кўтаринки кайфият бағишлаш мақсадида агентлик ташаббуси билан Самарқандда ҳамда Бухорода 500 дона дрон ёрдамида шоу ўтказдик», — деди Кадастр агентлиги ахборот хизмати бош мутахассиси Журъатбек Аслонов.

Бухоро вилоят Кадастр агентлиги бошқармаси матбуот хизмати бош мутахассиси Муродилла Рашидовга кўра, 10 дақиқалик шоуда дронлар 100 метр баландликка учирилган ва улар ёрдамида беш хил кўргазма (фигура) намойиш қилинган. Бироқ, иқлимнинг ноқулай келгани оқибатида ҳавога кўтарилган 500 дона дроннинг бир нечтаси учирилган манзилига қайта қўнмаган.

«Шу куни Кадастр бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқларда давлат мулки ҳисобланган дронларнинг йўқолгани, улардан фақатгина шоу ўтказилганда фойдаланиш мумкинлиги, шунингдек, аҳолидан агар дронлар топилганда, ички ишлар ходимларига етказиб бериш борасида эълон тарқатилди. Мазкур эълон сабаб кўплаб дронлар маҳалла ва гузарлардаги кўча ҳамда уй томларидан топилди», — дейди бошқарма масъуллари.

Қўшимча маълумот берилишича, 3 та дрон ҳалигача топилмаган.

«Шоу давомида ҳавога кўтарилган дронлардан ҳозирча учтаси топилмади. Айтиш ўринлики, дронлар жуда нозик техник восита саналади. Совуқ об-ҳаво шароитида учирилган дронларнинг ўз манзилига қайта қўнишида носозликлар кузатилган бўлиши мумкин. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаймизки, дронлар ўғирланмаган», — дейди Муродилла Рашидов.

Мавзуга оид