Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг пенсия миқдорларини мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ изчил ошириб борилишини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Ўтган йил давомида:
– пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорлари минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилди;
– минимал истеъмол харажатлари миқдоридан (500 минг сўмдан) юқори миқдорлардаги пенсия ва нафақалар эса 12 фоизга оширилди;
– ногиронлик пенсия ва нафақаларининг энг кам миқдори эса 440 минг сўмдан 698 минг сўмгача яъни 1,6 бараварга оширилди;
– тўловларни банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинди.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор беришимиз лозимки, пенсиялар ишловчи фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда, Жамғармага кўпроқ хисса қўшган, яъни юқори иш ҳақидан (иш ҳақи жамғармасиан) катта миқдорда солиқ тўлаган фуқароларнинг пенсия миқдорлари ҳам кўпроқ бўлиши адолати ҳисобланади.
Бунда, амалдаги қонунчиликда пенсия ҳисоблашда инобатга олинидан иш ҳақига чегара мавжуд бўлиб, бу 2023 йилга қадар пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 карраси (3 240 000 сўм) деб белгиланган эди. Ваҳоланки Давлат статистика агентлиги маълумоти бўйича бугунги кунда республикамизда ўртача иш ҳақи 3,7 млн.сўмни ташкил этмоқда. Бундан кўриниб турибдики, пенсия ҳисоблашдаги иш ҳақига мавжуд чегара фуқароларни ўз даромадларини легаллаштиришдан манфаатдорликни сусайтириб, кўпроқ миқдорда солиқ тўлаган ва унга нисбатан кам солиқ тўлаган фуқароларнинг пенсияларини бир ҳил белгиланишига сабаб бўлаётган эди.
Ушбу йўналишда ҳам адолат мезонларини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПФ-60-сон Фармонларига асосан, 2022 йилнинг 19 сентябрда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритилди. Бунда 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори яъни юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 3 888 000 сўм этиб белгиланди.
Мазкур Фармонга асосан, 2022 йил декабрь ойида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан яъни 3 240 000 сўмдан юқори бўлган пенсия олувчиларинг пенсия миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилинди ва пенсияси ошадиган фуқароларга 2022 йилнинг декабрь ойида СМС хабарлари жўнатилди.
Мисол учун 4 000 000 сўм ўртача ойлик иш ҳақига эга бўлган фуқаронинг пенсия миқдори 2023 йил 1 январга қадар 3 240 000 сўмдан ҳисоб китоб қилинган бўлса, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса ушбу фуқаронинг пенсия миқдори 3 888 000 сўмдан қайта ҳисоб китоб қилинади.
Жами иш стажи (эркак киши) | Ўртача ойлик иш ҳақи миқдори | 2023 йил 1 январга қадар | 2023 йил 1 январдан сўнг | Изоҳ | ||
Пенсияни ҳисоблаш учун инобоатга олинган иш ҳақи миқдори | Пенсия миқдори | Пенсияни ҳисоблаш учун инобоатга олинган иш ҳақи миқдори | Пенсия миқдори | |||
35 йил | 2 000 000 | 2 000 000 | 1 300 000 | 2 000 000 | 1 300 000 | Пенсия миқдори ўзгармайди |
3 000 000 | 3 000 000 | 1 950 000 | 3 000 000 | 1 950 000 | ||
3 500 000 | 3 240 000 | 2 106 000 | 3 500 000 | 2 275 000 | 169 000 сўм қўшилади | |
4 000 000 | 3 240 000 | 2 106 000 | 3 888 000 | 2 527 200 | 421 200 сўм қўшилади | |
5 000 000 | 3 240 000 | 2 106 000 | 3 888 000 | 2 527 200 |
Ушбу жадвалда кўриниб турибдики, кимнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан яъни 3 240 000 сўмдан паст бўлган фуқароларнинг иш ҳақи пенсия ҳисоблашда тўлиқ инобатга олинганлиги сабабли, ушбу тоифадаги фуқароларнинг пенсия миқдорлари ўзгармайди.
Ушбу тартибнинг жорий этилиши юқори иш ҳақи олган ва пенсия тизимига юқори ҳисса қўшган фуқароларга муносиб пенсияларни тайинлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг унумли меҳнат қилиб кўпроқ ҳақ олишига қизиқишини ошириш, яширин иқтисодиётдан чиқишга, мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилишда ва ривожлантиришда фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.
Албатта бу билан пенсия тизимидаги ислоҳотлар тўхтамайди, аксинча барча муаммоларни босқичма-босқич ечишга йўналтирилган сиёсат давом этади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Бухоро вилоят бошқармаси