Бугун маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун махсус техникаларнинг бир қисми вилоятга етиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Осиё тариққиёт банкидан 60 млн доллар қарз маблағлари имтиёзли шартлар асосида жалб қилинган.
Лойиҳанинг асосий мақсади маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш, санитария жиҳатидан тозалаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш ҳисобланади. Шу мақсадда республика бўйича жами 300 дона махсус техникалар харид қилинган.
Жумладан, Бухоро вилоятига 28 дона махсус техникалар ажратилмоқда. Бугун, 10 август куни махсус техникаларнинг бир қисми вилоятга етиб келди. Ушбу техникалар ҳудудда давлат-хусусий шериклик битимлари асосида хизмат кўрсатаётган санитар корхоналарининг талабларига кўра тақсимланади. Натижа вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш қамрови кенгайиб, хизматлар сифати яхшиланишига олиб келади. Бунинг натижасида қўшимча 361 минг аҳолини қамровга олинишига эришилади.
Лойиҳани афзаллиги шундаки, техникалар санитар корхоналарга узоқ муддатга (10 йилга) имтиёзли шартлар асосида берилиб, бир йилга етадиган эҳтиёт қисимлари билан таъминланади.