Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарама аёллар, мунис опа-сингиллар, дилбар қизлар!
Сизларни нафосатли баҳорий айём, эзгулик ва гўзаллик тантанаси бўлган 8 март — халқаро Хотин-қизлар куни билан вилоятимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Буюк бобокалонимиз ҳазрат мир Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарларида оилада аёлнинг мавқеи ҳақида мулоҳаза юритиш баробарида, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини алоҳида эътироф этадилар ва улуғлайдилар. Ул зотнинг таърифларича, аёл агар оқила, саранжом, кўнгилга ёқимли бўлса, оилани гул қилади. Шунинг учун аёлни қадрлаш, оиланинг таянчи, деб эъзозлаш лозим. Қувонарлиси, Навоий бобомизнинг аёлни эъзозлаш ҳақидаги ўгитлари бугунги ҳаётимизда яққол ўз ифодасини топмоқда.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона давлат сиёсати ва ҳаётбахш ислоҳотлар негизида аёллар масаласи доимий диққат марказида экани ана шу фикримиз далилидир.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги вақтларда мамлакатимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, мустаҳкам оилани шакллантириш масаласига қаратилаётган катта эътибор ва беқиёс ғамхўрлик жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Натижада ўзбек аёлининг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Хотин-қизларимиз бугун нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида масъул вазифаларда ҳам самарали фаолият кўрсатишмоқда.
Вилоятимизда ҳам илғор, ишнинг кўзини биладиган, уддабурон фермер ва тадбиркор опа-сингилларимизнинг сафлари тобора кенгайиб бораётгани, улар юртимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётганлари, албатта, барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади.
Баҳорнинг илк байрами муносабати билан вилоятимизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз.
Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Ва сизларнинг сидқидилдан қилаётган фидокорона меҳнатларингизни биз ҳамиша қадрлаймиз ҳамда сизлар учун барча қулай имкониятлар ва шарт-шароитларни яратиб беришга ҳамиша тайёрмиз.
Зеро, аёлга эҳтиром кўрсатиш — давлатга, жамиятга, миллатга, эртанги истиқболи кулган кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатиш демакдир.
Азиз ва мукаррама онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!
Сўзим ниҳоясида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон, бахт-иқболли бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Барчангизга мустаҳкам саломатлик, тинч ва осуда ҳаёт, оилавий фаровонлик ва хотиржамлик, хонадонларингизга тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.
Баҳор ва бахт айёмингиз муборак бўлсин!
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг байрам табриги
Фикр билдириш
Фикр билдириш