Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизими шакллантириш тўғрисида»ги ПФ-80-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида амалий чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, адлия бошқармаси бошлиғи М.Исаев тегишли идоралар билан биргаликда Пешку туманидаги 12-сон умумтаълим мактабида бўлиб, мактаб фаолияти, янги ўқув йилига тайёргарлик ва мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида ушбу мактабда адлия бошқармаси ва туман адлия бўлими томонидан амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Бу борада ушбу мактабда «Ҳуқуқ синфи»ни ташкил этиш ва ўқувчилар ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек ўқув таътили даврида ҳам ёшларнинг тарбияси ва бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бундай таҳлилий ва амалий чоралар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.