Бугун Бухоро вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов ва Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов бошчилигида «Работиқалмоқ» маҳалласи «Бунёдкор» қишлоғида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ишсизликни бартараф этиш юзасидан масъуллар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда маҳалладаги ишсиз фуқаролар ҳам иштирок этишди.
46-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаоллар залида ўтказилган учрашув давомида маҳаллани ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, ишсизликни тўлиқ бартараф этиш, айниқса хотин -қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш юзасидан мутасадди ташкилотларнинг келгусидаги вазифалари белгилаб берилди.
Шунингдек, маҳаллада ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилиб, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этишни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Якунда маҳалладаги 40 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, 16 нафар фуқаро жамоат ишларига, 11 нафар фуқаролар касаначиларга бириктирилди ҳамда 13 нафар фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш гувоҳномаси олиб берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.