Бухоро тумани ғаллакорлари ўз шижоат ва меҳнатлари эвазига жорий йилги мавсумда ҳам давлатга дон топшириш режасини ортиғи билан бажариб, мамлакатимиз ғалла хирмонига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Туманимизда жорий йилнинг ҳосили учун 256 та фермер хўжаликлари томонидан 5092 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришланиб, давлатга 12 минг 736 тонна ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажардилар.
Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилиши, ғаллани қисқа муддатда йиғиб олиш мақсадида тегишли отрядлар тузилиб, зарур техникалар билан таъминланиши ўз самарасини берди.
Терим жараёнини уюшқоқлик билан ташкил қилган ғаллакорлар жорий йилнинг 19 июнь куни давлатга 13 минг тонна дон топшириб, шартномавий режани 101,1 фоизга бажардилар.
Туманимизда ўрим-йиғимга алоҳида ҳозирлик кўрилиб, барча юмушлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Мавжуд ғалла майдонлари мавсумга пухта тайёрланиб, 20 та отрядлар ташкил этилиб, отрядларга 20 та юқори унумли дон ўриш комбайнлари, 100 та дон ташиш юк автомобиллари, шунингдек, 14 та кўчма устахоналар ҳамда 14 та ёқилғи тарқатиш агрегатлари бириктирилди.
Ғалла ўрими мавсумида “Карим Қаҳҳор” “Шариф Мирзо”, “Қосим Набиев”, “Жаббор Камол Замини”, “Зарун”, “Самад Чаросхон” “Маданият Муҳаммад Исмат” “Ўктам Иброхим Тўқли” фермер хўжаликларида 75-80 центнердан ҳосил олинди.
Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида майса тупларида бошоқлар бўлиқлиги таъминланиб, кутилган ҳосил етиштирилди. Ҳосилни ривожланишида тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида иш юритилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди.
Ҳали далаларда ҳосил мўл, ғалла ўрими давом этмоқда.