Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларига ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу хақида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Ўрганиш давомида Бухоро шаҳридаги 71-давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишиш жараёнида нохуш ҳолатга дуч келинди.
Ташкилотда болаларни соғлом овқатлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати кўздан кечирилганда, тарбияланувчиларга берилиши керак бўлган 12 килограмм пиширилган гўшт ва 4 килограмм балиқ маҳсулоти ошпазлар ювиниш хонасидаги ваннада яшириб қўйилганлиги аниқланди. Бундан ташқари таомномада тушлик учун ажратилган 75 килограмм ўрнига атиги 20 килограмм балиқ маҳсулоти тайёрланаётганлиги маълум бўлди. Ошпазларнинг шахсий буюмлари сақланадиган шкаф ва ташкилотнинг бўш турган хонасидан ҳам яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари топилган.
Мазкур ҳолатга на боғча мудираси, на хўжалик ишлари мудири, на ҳамшира ва на ошпаз тайинли изоҳ бера олишган. “Хабарим йўқ” деб қўя қолишган. Бироқ, ҳар бир ножўя ҳатти-ҳаракат, ноқонуний йўриқнинг сўрови, жавобгарлиги бор.
Айни пайтда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолатни юзага келтирган сабаблар ва айбдорлар аниқланиб, уларга нисбатан қатъий жазо чораси кўрилади.