Бугунги кунда Бухоро шаҳри катта қурилиш майдонига айланган. Шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида аҳоли турар жойлари, иншоотлар, йўллар, шунингдек, аҳоли дам олиш масканлари бунёд этилмоқда. Ана шундай иншоотлардан бири собиқ Тўқимачи деҳқон бозори ўрнида қурилиши режалаштирилган истироҳат боғидир.
Боғ учун 1,7 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда бутазор ва табиий ўтлоқли майдон, велойўлак ва пиёдалар йўлакчаси, спорт майдони барпо этилади. Умуман, ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, зарур инфратузилма яратилади. Пухта ўйланган дизайнга эга истироҳат боғи бир тарафдан сайёҳлар учун муҳим жойга, иккинчи томондан шаҳар брендининг бир қисмига айланади.
Айни пайтда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, бугун эрта тонгда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, вилоят ташкилот ва идоралари мутасаддилари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, экология ҳамда ободонлаштириш соҳаси ходимлари мазкур ҳудудда “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида ташкил этилган дарахт ўтқазиш тадбирида иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бугун мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари одамларнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топиб, энг асосийси, юртдошларимизнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаришига, эртанги кунга бўлган ишончи ортишига хизмат қилаётганлигини таъкидлади. Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси ҳозирда кенг қулоч ёзиб, умуммиллий ҳаракатга айланганини, Бухорода ҳам бу борада янги ташаббуслар илгари сурилаётганини таъкидлади.
Жорий баҳорги мавсумда ҳам ушбу лойиҳа доирасидаги ишларни янада изчил давом эттирган ҳолда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини, буталарни экиб, вилоятимизда яшил ҳудудларни янада кўпайтириш мақсад қилинганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг халқимизнинг қадимий урф-одатларига биноан, Қуръон тиловат қилиниб, яратгандан яхши ниятларнинг ижобати сўралди ва дарахт экиш ишларига киришилди.