Бухоро шаҳрида Миллий гвардия офицерининг оиласи эзгу ва хайрли ташаббусга қўл урди

 Бухоро шаҳрида Миллий гвардия офицерининг оиласи эзгу ва хайрли ташаббусга қўл урди

Асатуллоевлар оиласи «Болалар уйи»нинг 5 нафар полапонларини ўз тарбияларига олдилар.

Жорий йилнинг 20 ноябрь кунида Бухоро шаҳрида Миллий гвардия офицерининг хонадонида катта тантана бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, бугун шаҳримизнинг «Наврўз» кўчасида истиқомат қилувчи Ҳамида Ҳомидова ҳамда Ҳикматулло Асатуллаевлар оиласи «Болалар уйи»нинг 5 нафар болакайларини ўз бағрларига олишди.

Бўлиб ўтган тантанали тадбирда иштирок этган, вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Меҳрибонлик уйи маъмурияти, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари хонадон эгаларига ўзларининг эзгу дил сўзларини билдириб, уларнинг бошлаган хайрли ишларига омад ва зафарлар ёр бўлишини тиладилар.

«Давлатимиз раҳбари томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг, ўғлим, катта лейтенант Муроджон Рахматуллоев Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси раҳбариятининг фармойишига асосан шаҳримиздаги «Болалар уйи»га масъул этиб белгиланди. Шу кундан бошлаб, ўғлимга ушбу маскандаги қалби ўксик болажонларни асраб олиш бўйича савобли ишга қўл уришни таклиф қилдим. Ўзим мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи лавозимида 20 йилдан ошиқроқ тарбиячи бўлиб ишлаб келаман ҳамда болалар билан доимий равишда биргаман. Шу маънода, биз ҳам ушбу даргоҳдаги 5 нафар, 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган Сабрина, Севара, Рухсора, Шахруза, Муҳаммадали исмли болакайларни ўз тарбиямизга олдик. Бугун мана қувончли кун, билдирилган ташаббусимизни қўллаб-қувватлаган Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят вояга етмаганлар ишлари бўйича масъуллари ҳамда «Болалар уйи» раҳбариятининг ёрдами билан, оилам яна 5 нафар фарзандга кўпайди. Ишонтириб айтаманки, болажонларни ўз фарзандларимдай кўриб, келгусида уларнинг тарбиясида масъулиятли бўламан ва албатта, жамиятимиз ва давлатимиз учун нафи тегадиган етук инсонлар этиб вояга етказаман»,-дейди, болакайларнинг бўлғуси онаси Ҳамида Ҳомидова.


Бугун ўзи учун эндигина янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган бу жажжи болакайлар, албатта давлатимиз раҳбарининг ҳамда улар учун келгуси ҳаётини беришга тайёр ота-онасининг ишончини оқлаб, юртимиз келажаги учун муносиб фарзандлар бўлиб улғаядилар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси

Мавзуга оид