ЎзА Файзулло Хўжаевнинг АҚШдаги жияни Темур Хўжаев билан суҳбат уюштирди. Темур Хўжа 1920 йилда тузилган Бухоро Халқ Республикасининг биринчи раҳбари Усмон Хўжанинг фарзанди. Турколог олим, айни дамда АҚШ давлат Мичиган университети профессори.
Унинг отаси Сталин қатағонидан омон қолган кам сонли ўзбек жадидчилик ҳаракатининг йирик намоёндаларидан. У 1920 йил ташкил этилган Бухоро Республикаси ижроия қўмитаси раҳбари бўлиб, кейинроқ босмачилик ҳаракатига қўшилади. Усмон Хўжа рус босқинига қарши курашган миллий озодлик ҳаракати етакчиси. Аммо бу ҳаракат мағлубиятга юз тутар экан, у совет таъқибидан қочиб Афғонистонга, Афғонистон орқали Туркияга ўтишга мажбур бўлган. Келгуси фаолиятида Туркистон озодлиги учун курашни мафкура майдонида олиб борган.
Совет даврида босмачилик деб талқин қилинган бу тарихга бугун ҳам тўлиқ ва холис баҳо берилганча йўқ. Жадидчилик ва босмачилик ҳаракатининг чет элда жон сақлашга мажбур бўлган айрим намоёндалари тақдири бугунгача ўрганишсиз қолган. Усмон Хўжа ҳам шулар жумласидан. Биз унинг кейинги тақдири ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни унинг ўғли Темур Хўжадан эшитдик.
Темур Хўжа: – 1920 йилда амир ағдарилиб, Бухорода республика тузилганида, отам Молия вазири, кўп ўтмай Давлат назорати вазири бўлди. 1921 йил Бухоро республикасининг иккинчи қурултойида Бухорога раҳбар қилиб сайланди.
У Бухоро республикаси мустақиллигини таъминлаш учун совет Россияси билан «масофа сақлаши» зарурлигини ўз сиëсатининг илдизи ўлароқ танлади.
Кейинги сиёсий жараёнлар таъсирида 1921 йил 9 декабрда Усмонхўжа ўз ёрдамчилари – ҳарбий ишлар нозири муовини Али Ризобек, Термиз ҳарбий қўрғони қўмондони Ҳасанбек ва Дониёлбек ёрдамида миллий ҳарбий қисмлар иштирокида Душанбе ҳарбий қўрғонидаги қизил аскарларни қуролсизлантирди. Аммо миллий озодлик ҳаракатлари мағлубиятга учрай бошлагач, чет мамлакатлардан ёрдам сўраш учун Кобулга жўнайди. Кобулда Бухоро республикаси раҳбарларидан бири сифатида Афғонистон амири Омонуллахон билан Россияга қарши кураш олиб бориш учун шартнома имзолайди. Аммо отамнинг Афғонистонда қолиши узоққа чўзилмади. У Ҳиндистон орқали Туркияга йўл олади. 1923 йил сентябрда Истанбулга етиб боради ва Туркия ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Усмонхўжани Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк ўз меҳмонидек қабул қилган. Унга Туркия республикаси ҳукуматида масъул вазифада ишлашни таклиф этади. Бу таклифга жавобан Усмонхўжа бундан кейин Туркистон маданияти масалалари билан шуғулланиш мақсади борлигини айтади. Мустафо Камол Усмонхўжага маънавий ва моддий мадад беришини айтиб, унга Туркия давлати миқёсидаги нафақа белгилайди. Усмон Хўжа келгусида Туркистон озодлиги учун кейинги курашни мафкура майдонига кўчирди. Туркияда ўзбек ва туркий халқлар маданиятини тарғиб қилувчи, большевикларнинг босқинчилик сиёсатини қораловчи махсус газета «Янги Туркистон»га (“Yeni Turkistan”) асос солади.
Бундан Усмон Хўжанинг советларга қарши ғоявий курашидан норози бўлган большевиклар Туркия ҳукуматига тазйиқлар ўтказишни бошлайди. Кейинчалик ушбу тазйиқларга чидай олмай Туркия ҳукумати Усмон Хўжани мамлакатдан чиқаришга мажбур бўлади. Туркия Вазирлар Кенгашининг қарори билан Усмонхўжа 1938 йил октябрь ойида Туркиядан чиқарилади. У 1938-1939 йилларда Польша пойтахти Варшавада яшайди. Ўша вақтда Польшада Совет ҳукумати босимлари ортидан қочқинликка маҳкум бўлган сиёсий арбоблар тўпланган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Усмон Хўжа Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида яшайди.
Совет жосуслари Усмонхўжани Эронда ҳам излашади. 1944 йил охирида Туркия Усмонхўжани қайтадан қабул қилиб, унга фуқаролик беради ва у Истанбулда яшай бошлайди. Усмон Хўжа 1951-1957 йиллар орасида Покистонда яшади ва у ерда Туркистон жамиятини тузди. 1957 йили Истанбулга қайтади ва умрининг охиригача ўша ерда яшайди. Усмон Хўжанинг халқаро майдондаги сиёсий фаолияти шундай қилиб қатор мамлакатларда давом этди. Бизнинг оила отамнинг сиёсий фаолияти сабаб ҳамиша юртма-юрт кўчиб юришга мажбур бўлган. Совет ҳукумати отамни излаб юрган ва уни чет элда ўлдиришга ҳаракат қилган. 90 йиллик умри қўзғолонлар, жадидчилик, миллий озодлик курашлари билан ўтган Усмонхўжа 1968 йил 28 июлда Истанбулда вафот этди.
Отамни Туркиянинг ўша вақтдаги бош вазири Сулаймон Демир Али буюриғига кўра, Туркия байроғига ўраб, аскарлар ҳамроҳлигида қабристонга шараф билан дафн этишган. Унинг мозори Истанбулнинг «Ускудар» маҳалласидаги «Ўзбеклар такяси»да жойлашган, – дейди Темур Хўжа отаси ҳақида.
МEҲМОНХОНАГА АЙЛАНТИРИЛГАН ТАРИХИЙ ҲОВЛИ
Туркистон жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан Усмон Хўжа бутун умрини мустақил давлатчилигимизни тиклаш, миллий тараққиёт учун курашга бағишлади. Дастлаб Россия империяси, кейинчалик большевиклар ҳукуматига қарши озодлик ҳаракатларида қатнашди.
1938 йилда бошланган катта қирғин сиёсати хорижда яшаб турган Усмон Хўжани ҳам четлаб ўтмади. У ҳамиша совет жосусларининг таъқибида бўлди. Шундай бўлсада, ўз маслагидан воз кечмади, хорижда Туркистон мустақиллиги учун совет ҳукуматига қарши миллий мухолифат курашларини олиб борди. Жаҳондаги муҳожир ўзбеклар миллий уюшмаларининг илк раҳбари ва ташкилотчиси бўлди.
Бироқ қисматига битилган ватанжудолик ҳасратида Туркия тупроқларида қолиб кетди. Унинг ўғли Темур Хўжа Бухорода отасининг жадид мактаби бўлган ҳовлиси бугунги кунда меҳмонхонага айлантирилганидан дили хира эканлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, мазкур ҳовли ҳануз тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Ҳозирда самарқандлик тадбиркор томонидан Бухоро вилояти ҳокимлигидан сотиб олинган ҳовли этно-меҳмонхонага айлантирилган.
Темур Хўжа Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлган ва ҳукумат аъзоларига отасининг уйини Бухоро жадидлари уй музейи сифатида ташкил қилиш таклифини айтган. Бироқ, бугунгача таклифлар инобатга олинмаган. Суҳбатдошимиз агар мазкур ҳовли жадид уй музейи сифатида ташкил этилса, ўзининг 16 минг жилдлик Туркистон тарихига оид дунё бўйлаб чоп этилган қимматли китобларни Ўзбекистонга жўнатишини билдирди.
Шунингдек, суҳбат мобайнида Темур Хўжа амакиси Файзулло Хўжаевнинг ҳовлисидан унинг номи олиб ташлангани, айни дамда «Бухоролик бой савдогарнинг уй музейи» номи билан юритилаётганидан хафа эканлигини маълум қилди.
Мафтуна Каримова, ЎзА
Uylar o‘z egasiga qaytarilishi va tariximiz uchun muhim bo’lgan kitoblarni qo’lga kiritish kerak lekin afsuski na tarixiy va na kitoblar bilan hech kimni ishi yo‘q.