Куни кеча Табиий фанлар факультети декани Э.Д.Ниёзов бошчилигида факультетда таҳсил олаётган кимё таълим йўналиши 4-курс 2-1 КИМ-19, 2-2 КИМ-19 гуруҳи талабалари учун «Бўёқлар кимёси» фанидан назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда Дуал таълимни ривожлантириш мақсадида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Парвоз Хумо Равнақ Транс» МЧЖ га тегишли «ҲАЖ ТEХ гроуп» тўқимачилик корхонасида амалий машғулотларни ўтиш учун ташриф буюрдилар.
Дуал таълимда назарий қисм ОТМ да амалий қисм эса ишлаб чиқариш корхонасида амалга оширилади. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Парвоз Хумо Равнақ Транс» МЧЖ 2018 йилдан фаолиятини кенгайтирган ҳолда енгил саноат тармоғига сармоя тиккан кўп тармоқли корхона ҳисобланади. Корхона тўқимачилик, ундан сўнг тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини ривожлантириб келмоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятидан жами 11 та пахтани қайта ишлаш бўйича кластерлар фаолият олиб бормоқда. Ушбу жараёнларда калава ипларни охорлаш, матони бўяш ва гул босиш ва жараёнда ҳосил бўладиган оқава сувларни тозалаш учун тажрибали кимёгарлар талаб қилинади.
Кимё таълим йўналиши талабаларига «Бўёқлар кимёси» фани танлов фани сифатида ўқитилади. Ушбу фаннинг маъруза ва амалий машғулот дарсларини талабаларга Умумий ва ноорганик кимё кафедраси доценти Қ.А.Равшанов олиб борадилар. Умумий ноорганик кимё кафедраси профессори М.Р.Амонов ҳамда доцент Қ.А.Равшанов раҳбарликларида тўқимачилик корхоналари муаммоларига қаратилган бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Даставвал талабалар корхонанинг ишга туширилиш тарихи, бугунги кунда ишлаб келаётган мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёж, корхонадаги айни пайтдаги вакант иш ўринлари, хорижий ҳамкорлар ҳамда меҳнат муҳофазаси билан таништирилди.
Сўнгра талабалар корхонадаги матоларни бўяш ва гул босиш жараёни учун зарур бўладиган бўёқ тайёрлаш лабораторияси билан таништирилди. Ундан сўнг матони бўяш ва гул босиш жараёнида ишлатиладиган кимёвий препаратлар сақланадиган омбор билан танишиб чиқдилар. Кейинги манзил матони бўяш ва гул босиш машиналарининг ишлаш жараёни билан бевосита танишилди. Албатта матоларни бўяш ва гул босиш жараёнида оқава сувларни ҳосил бўлиши экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Корхонада ушбу муаммо ҳам етарлича бартараф этилган бўлиб, талабалар бу жараённи ҳам ўз кўзлари билан кўриб ўрганишди.