Ўзбекистон ҳудудида юз берган иккита муҳим тарихий воқеага 2020 йилда 100 йил тўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур: 1920 йил 1 февралда Хивада хонлик, 2 сентябрда Бухорода амирлик тузуми ағдариб ташланди. Ўрта асрларга хос монархик сулолалар бошқарувидан замонавий республика тузумига ўтилди. 1920 йил 26 апрелда Хивада Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР), 6 октябрда Бухорода Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) ташкил этилгани тантанали равишда эълон қилинди. Ўзбек халқи давлатчилиги тарихида муҳим роль ўйнаган ХХСР ва БХСР давлатлари мустақил ҳолатда 5 йилга яқин мавжуд бўлиб, улар 1924 йил охирида совет режими ва большевиклар томонидан тинч йўл билан тугатилди.
Хивада хонлик тузумининг ағдариб ташланиши ва янги режимнинг ўрнатилиши большевикларнинг «Шарққа доир сиёсати»нинг ҳали биринчи босқичи эди. Бу босқич «муваффақиятли» амалга оширилгач, совет ҳокимияти ва унинг ҳарбий кучлари бўлган қизил армия бутун эътиборини Бухоро амирлигини қулатиш, уни советлаштиришга қаратди. 1920 йил февралда Хива хонлиги ағдарилиши натижасида Каспий орти ва Еттисув фронтлари ҳам тугатилди. 1920 йил баҳорида Фарғона водийсидаги қўрбошилар гуруҳларига қизил армия томонидан жиддий зарбалар берилди. Совет қўмондонлиги вужудга келган қулай вазиятдан фойдаланиб, Бухоро амирлигига ҳарбий тажовуз қилишга зўр бериб тайёргарлик кўра бошлади.
1920 йил 7 январь ва 30 мартда Туркистон комиссияси аъзолари Бухоро амири ҳузурига ташриф буюрди. Амирни 30 мартда Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе ва Туркистон комиссияси раиси Ш.Элиава РСФСР ҳукуматининг Бухорога нисбатан тинчлик ниятида эканлигига ишонтиришга уриниб кўрдилар. Музокарада ҳар икки томон ўз талабларини қўйди. Масалан, Бухоро амири Янги Бухоро (Когон) стансиясига олиб келинган қизил аскар қисмларини олиб кетишни, Янги Бухоро ва Янги Чоржўйдан жадидларни чиқариб юборишни, Колесов босқини (1918 йил, март) даврида босиб олинган амирга қарашли пахта заводи ва Янги Бухородаги амир саройини қайтаришни, Бухоро шаҳри устида ҳарбий самолётлар учишини тўхтатишни талаб қилди. Туркистон комиссияси вакиллари эса амирлик томонидан рус посёлкаларига нисбатан иқтисодий чеклашни, совет Россиясига қарши ташвиқотни, большевикларга қарши «ғазовот уруши»га чақиришни тўхтатишни ва дарҳол Бухоронинг ҳаракатдаги армиясини тарқатишни талаб қилди.
Бухоро амири Туркистон комиссиясининг талабларини рад этди, уларнинг бу хатти-ҳаракатини суверен давлатнинг ички ишларига аралашиш, деб баҳолади. Айни вақтда Туркистон комиссияси аъзолари ҳам Бухоро томонининг илтимоси ва таклифларини эътиборсиз қолдирди, уларни тўла-тўкис рад этди.
Бухоро амирлиги Туркистон АССРга бостириб киришга тайёргарлик кўрмоқда ва уни қайтариш керак, деган сохта баҳоналар билан совет қўмондонлиги 1920 йил ёзида катта миқдордаги қўшинларини амирлик чегараларига яқин келтириб қўйди. Шунингдек, қизил армия қўмондонлиги Бухоро чегараларига яқин бўлган совет Туркистони шаҳарларидаги ҳарбий гарнизонларни ҳам мустаҳкамлади.
Москвада Бухоро амирлигига бостириб кириш ва уни тугатиш режаси зўр бериб ишлаб чиқилаётган эди. 1920 йил 21 майда РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссарининг ўринбосари Л.Карахан большевиклар ҳукумати бошлиғи В.И.Ленинга йўллаган телеграммасида бундай деб ёзган эди: “Биз Туркистон комиссияси билан тўла ҳамжиҳатликда Тошкентдаги вакилларимизга амирликни тугатишни ва Бухорода демократик республика тузишни, унга «Ёш бухороликлар»ни (эндиликда эса коммунистларни) бошлиқ қилиб қўйишни таклиф этамиз”.
Мазкур телеграммадан кўриниб турибдики, Туркистон комиссияси 1920 йил май ойидаёқ Бухоро даги мавжуд тузумни ағдариб ташлашни ёқлаб чиққан эди. Чунки май ойи бошларида Москвага келган Туркистон комиссияси раиси Ш.Элиава ва комиссия аъзоси Я.Рудзутак Россия Ташқи ишлар халқ комиссари Г.Чичеринга Туркистон комиссиясининг «эртагаёқ Бухоронинг мустақиллигини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқариш» мумкинлиги ҳақидаги қатъий баёнотини топширган эди.
РКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюроси ҳам 1920 йил 22 майда Л.Карахан таклифини қабул қилди ва маъқуллади. Совет Россиясининг Туркистон АССРдаги ҳарбий қисмларига Бухоро амирлигини босиб олишга пухта тайёргарлик кўриш вазифаси юклатилди. Бу воқеалардан хабар топган Амир Олимхон вазиятни юмшатиш, интервенсиянинг олдини олиш мақсадида 1920 йил 8 июнда Мирзо Маъди Хўжабой бошчилигидаги Бухоро элчиларини Москвага жўнатди. Улар Г.Чичерин билан музокаралар ўтказиб, ҳар икки давлат ўртасида тинч-тотув яшаш, ички ишларга аралашмаслик, савдони ривожлантириш масалаларига тааллуқли шартномаларни имзолаб қайтдилар.
Бироқ Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе Бухоро амирлигига қарши ҳарбий ҳаракатларни тезлаштиришни сўраб, 1920 йил 31 июлда совет Россияси ҳукумати раиси В.И.Ленинга телеграмма жўнатади. РСФСР Қуролли кучлари Олий бош қўмондони С.Каменов бу телеграммага «қулай фурсатда бошлашга рухсат берилади» деб қисқа жавоб юборган.
1920 йил 12 августда М.Фрунзе амирликни тугатиш мақсадида Самарқанд- Бухоро фронтини (4 та зарбдор гуруҳдан иборат) тузишга буйруқ беради. Шу тариқа Бухоро шаҳри атрофига 7000 пиёда, 2500 отлиқ аскар, 46 та тўп, 230 та пулемёт, 10 та бронеавтомобиль, 5 та бронепоезд ва 12 та аэроплан (ҳарбий самолёт) шай ҳолатга келтириб қўйилди. Туркистон фронти жангчиларидан ташқари кейинчалик ҳарбий амалиётларда 5000 кишидан иборат бухоролик қўзғолончилар гуруҳи (амирга қарши мухолифат кучлари) ҳам қатнашди. Бироқ сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, аслида М.Фрунзе қўмондонлигидаги 70 000 нафар қизил аскар Бухоро амирлиги ҳудудига ҳужум қилган. Бу ҳарбий қисмларнинг кўпчилиги Фарғона водийсида истиқлолчиларга қарши курашаётган қизил аскарлар бўлиб, улар август ойи охирида амирлик чегараларига ташланганди. Бухоро ҳукумати ихтиёрида эса 8725 нафар пиёда аскар (асосан навкарлар) ва 7850 нафар отлиқ сарбоз, фақат 150 га яқин эски пилта тўплар, бир неча ўнлаб замонавий тўплар, 20 та пулемёт бўлган. Шунингдек, амирликнинг мунтазам қўшинидан ташқари жуда ҳам ёмон қуролланган 20 000 нафар халқ лашкари ҳам бўлиб, улар жангларга мутлақо тайёр эмас эди. Бухоро амирлиги қушбегиси (бош вазир) Усмонбек ва ҳукумат аъзоси Бақо Ҳожи Тўқсабонинг маълумотларига кўра, 1920 йил август ойи охирида Эски Бухоро ва унинг атрофида қўшиннинг умумий миқдори (халқ лашкари билан биргаликда) 20 000 киши атрофида бўлган. Пала-партиш қуролланган ва етарлича ҳарбий амалиётга эга бўлмаган Бухоро армияси тиш-тирноғигача қуролланган, замонавий ҳарбий техника билан таъминланган ва катта жанговар тажрибага эга қизил армиянинг ҳал қилувчи ҳужумига дош беролмаслиги олдиндан маълум эди.
Туркистон комиссияси Бухородаги амирлик режимига қарши турувчи мухолифат кучларини жипслаштириш ва мамлакатда тўнтариш ҳозирлаш билан бевосита шуғулланди. Айнан Туркистон комиссияси раҳбарлигида 1920 йил 24 июнда Бухорода қуролли қўзғолон тайёрлаш бўйича ҳарбий-инқилобий бюро тузилган бўлиб, унинг таркибига Туркистон комиссияси аъзолари М.Фрунзе ва В.Куйбишев, Туркистон Компартияси Марказий Комитети котиби Назир Тўрақулов, Бухоро Компартияси котиби Нажиб Ҳусаинов, «Ёш бухороликлар» партияси марказий бюросининг раиси Файзулла Хўжаев ва бошқалар кирди. Ҳарбий-инқилобий бюро хитобнома ва декретларнинг лойиҳаларини тайёрлаб, уларни «инқилоб» ғалаба қозонадиган куни Бутунбухоро инқилобий қўмитаси (ревком) номидан эълон қилишни мўлжаллаган эди. 1920 йил 10 августда Туркистон комиссияси, Бухоро Компартияси марказий комитети ва «Ёш бухороликлар» партияси Марказий бюросининг қўшма мажлисида Файзулла Хўжаев бошчилигида Бухоро Халқ нозирлар шўроси ҳукумати ва Аҳмаджон Абдусаидов (Ҳамдий) раислигида Бухоро Муваққат инқилобий қўмитаси тузилди, улар амирлик ағдариб ташлангандан кейин Бухоро давлатини бошқаришлари лозим эди. 23 августда бўлган Туркистон комиссиясининг навбатдаги мажлисида Бухоро «инқилобий» ҳукуматининг дастури муҳокама этилди ва қабул қилинди. Бироқ қизил аскарлар Бухорони босиб олгач, бу ҳукумат тузилмаларида анча ўзгаришлар қилинди.