Аввало, бугунги кунгача энг кўп таклиф келиб тушган бўлимлар, боблар ва моддаларга эътибор қаратсак
Конституция бўлимлари бўйича
Комиссияга келиб тушган жами таклифларни таҳлил қилганда, энг кўп ўзгартириш таклиф қилинган бўлимлар иккинчи, учинчи ва бешинчи бўлимлардир. Биргина бешинчи бўлимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича жами 6 минг 302 та таклиф келиб тушган. Эътибор беринг, “Конституция ва қонуннинг устунлиги” деб номланган учинчим бўлимга 5 минг 717 та таклиф келиб тушган. Демак, фуқароларимиз қонун мамлакатимизда янада устивор бўлиши ва бунда Асосий қонунда зарур кафолатлар кўпроқ берилишини истайди.
Конституция боблари бўйича
Қомусимизнинг еттинчи, ўнинчи, йигирма биринчи бобларини ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича жуда кўп таклифлар келиб тушган (умумий ҳисобда 6 минг 107 та). Масалан, “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” деб номланган VII бобга доир 2 минг 312 та таклиф келиб тушгани, сал чуқурроқ тафаккур қилинса, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, давлатни ислоҳ қилишдаги иштироки юксалиб бораётганини кўрсатади.
Конституция моддалари бўйича
Моддалар бўйича қаралса, 90-моддага 4 минг 17 та, 24-моддага 1 минг 830 та, 41-моддага 1 минг 658 та таклиф келиб тушганини кўриш мумкин. Бу моддаларнинг мазмунига эътибор қаратиб, сўнгра фикр юритадиган бўлсак, аён бўладики, Ўзбекистон фуқаролари Асосий қонуннинг барча жиҳатларига фаол фуқаролик позицияларини билдиришмоқда. Масалан, Конституциянинг 90-моддасига келиб тушган таклифларнинг 3 минг 29 таси президентнинг сайланиш муддатини 7 ёки ундан кўп муддатга ўзгартириш билан боғлиқ. Шунингдек, Конституциянинг 41-моддасига келиб тушган 1 минг 658 та таклифларнинг аксарияти “ўқитувчи ва педагогларнинг юксак мақомини белгилаш, унинг ишларига аралашув чекланиши”га доир нормани киритишга оиддир.
Мухтасар айтганда, бугунгача халқ томонидан билдирилган таклифларнинг статистикаси мана шундай. Албатта, бугундан эътиборан сўзлаш, муҳокама қилиш кампаниясига старт берилди. Унутманг, Сизнинг фикрларингиз мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар, Қонунчилик палатаси масъул қўмиталари ўрганиб чиқади, асосли деб топилса, қабул қилинади ёки тегишли тартибда жавоб қайтарилади.