Муқаддас моҳи рамазон кунларида ижтимоий ҳимояга муҳтожларга меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш халқимизга хос фазилатлардандир. Ушбу кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Бир мусулмоннинг оғирини енгил қилиш — бизга ҳам қарз, ҳам фарз” деган эзгу ғоя асосида ифторликлар ташкил этилиб, хайру саховат кўрсатилаётгани кўнгилларни шод қилмоқда. Маҳалла ва қишлоқларда маҳалла масъуллари, секторлар раҳбарлари, имом-хатиблар томонидан ифторлик ташкил этилиб, ҳикматли сабр ойида меҳр-мурувват ва саховат каби юксак фазилатлар намоён бўлмоқда. Жумладан, бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов Жондор тумани “Охших” маҳалласи “Охших” қишлоғи 77-уйда яшовчи Назаил Мадинов хонадонида меҳмон бўлиб, оила аъзолари билан биргаликда ифторлик қилди.
Миллати турк бўлган Назаил Мадинов ҳозирда 65 ёшда. Жондор Пахтасаноат чорва корхонасида 46 йил чорвадор бўлиб ишлаб шу ердан нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Садика Мадинова 35 йил туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлаган. Аҳил оила икки ўғил бир қизни вояга етказиб, эл қаторига қўшди. Суяги меҳнатда қотган Назаил ота нафақада ҳам тинч ўтирмайди. Тиниб тинчимас отахоннинг 15 сотихли ҳовлисига кирган одамнинг баҳри дили очилади. Боғни эслатувчи хонадонда мевали ва манзарали дарахтлар кўзни қувнатади. Шунингдек, 3 сотих томорқада полиз экинлари экилган. Бундан ташқари, хонадонда, 2 бош қўй ва 2 бош қорамол ҳам боқилмоқда. Шу ишларнинг барчасини Назаил ота ўзи бажаради. Вилоят ҳокими хонадонда бўлган вақтда ҳовлидаги дала деҳқончилик ишлари билан ҳам танишди.
Ифторлик дастурхони атрофида Ватанимизга тинчлик, жойларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга бардавомлик, ҳар бир хонадонга файзу барокат тилаб, дуо қилинди. Мамлакатимизда юз бераётган беқиёс ўзгаришлар, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, жойларда кенг қулоч ёзаётган миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни сингари мавзуларда дилдан суҳбатлашилди.