Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудудларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, пахта йиғим-теримининг бориши билан яқиндан танишиш, бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш мақсадида назорат тартибидаги ўрганишларни олиб бормоқда.
Вилоят секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига алоқадор корхона ва бошқармалар масъуллари, “маҳалла еттилиги” мутасаддилари иштирокидаги ўрганишнинг дастлабки манзили Бухоро тумани бўлди.
Бухоро туманида бевосита пахтачиликда банд бўлган 268 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 7 минг 800 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос истиқболли пахта навлари экиб, парваришланди.
Ботир Зарипов “Қўшходим” ҳудудидаги “Самад Чаросхон” фермер хўжалиги пахтазорларида бўлди. Хўжалик вакиллари ҳисобида 73 гектар майдон бўлиб шундан 33 гектарида серҳосил “Порлоқ-4” нави парвариш қилинган. 147 тонна давлатга пахта топшириш режалаштирилган.
Ўрганишлар давомида Ботир Зарипов ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмаслик, бунинг учун йиғим-терим ишларини жадаллаштириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Терим суръатини ошириш, теримчилар учун далада иссиқ овқат, тоза ичимлик суви ташкил этиш, 2500 сўмдан терим пулларини ўз вақтида тўлаб бориш, алоҳида рағбатлантиришлар жорий қилиш, қолаверса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш каби масалалар бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Шу ерда илғор теримчилар билан мулоқот қилиб, уларни рағбатлантирди.
Ўрганишлар “Қўшходим” ҳудудидаги “Адизобод Эркин Маҳмуд” фермер хўжалигида давом этди. Мазкур хўжалик жорий йилги пахта мавсумида 25 гектар ерда пахта етиштиришган. 75 тоннадан ошиқ хирмом яратиш режалаштирилган. Ботир Зарипов терим суръатини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган ишларга алоҳида тўхталиб, туман секторлари раҳбарлари зиммасига муҳим вазифалар юклади.
Шофиркон туманидаги 363 та фермер хўжалиги 8900 гектар майдонда серҳосил “Бухоро-6”, “Бухоро-10”, шунингдек, Хитойнинг “Чжунтай” пахта навларини экиб етиштирди. Миришкор деҳқонлар 35 минг тоннадан ортиқ хирмон яратишни кўзлашган. Хозирги вақтда 127 отряд таркибида 10 минг нафарга яқин теримчи меҳнат қилмоқда.
Ўрганишлар Улуғбек Худойқулов раҳбарлигидаги “Худойқулов замини” фермер хўжалигида олиб борилди. Жорий йилги пахта мавсумида 20 гектар ерда пахта етиштирган хўжалик вакиллари 56 тонна давлатга пахта топшириш режасини ортиғи билан бажарган. Ҳозирда ҳам йиғим-терим ишлари қизғин давом этяпти. Ботир Зарипов шу ерда фермер хўжалиги раҳбари, “маҳалла еттилиги” фаоллари ва бошқа масъуллар билан мулоқот қилиб, теримчилар учун далада яратилган шароитлар билан танишди.
Навбатдаги манзилда Ботир Зарипов “Султонобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Анвар” фермер хўжалиги даласида “Султонобод”, “Темирчи”, “Шибирғон” ва “Дўрман” маҳаллаларидаги “еттилик” вакиллари билан мулоқот қилди. Пахта йиғим -теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш, отряд таркибида иштирок этаётган теримчиларга 2500 сўмдан пахта пулларини тарози бошида бериш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар “Жўйнав” ҳудудидаги “Алибек Ботир” фермер хўжалиги ерларида давом этди. Хўжалик ҳисобида 57 гектар экин майдони бўлиб, шундан 29 гектарида пахта парваришланган. Ҳосилдорлик 40 центнер бўлиб, ялпи ҳосил 116 тоннани ташкил қилиши кутилмоқда.
Теримчилар билан мулоқот давомида уларнинг кайфияти, далада яратилган меҳнат шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида берилаётгани билан қизиқди. Илғор теримчилар рағбатлантирилди.
Пешку тумани деҳқонлари 8 412 га майдонда маҳаллий серҳосил навлар билан бирга хорижий пахта навларини ҳам етиштирди. Тумандаги пахтачиликка ихтисослашган 325 та фермер хўжаликлари 33 минг тоннадан ортиқ хирмон юксалтиришни мақсад қилишган. Бугунги кунда 92 та отряд таркибида 9 мингдан ортиқ теримчилар меҳнат қилишмоқда.
Ботир Зарипов барча туманлари секторлари раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” вакиллари, фермер хўжалиги раҳбари ва бошқа масъуллар билан мулоқот қилиб, терим ишларини жадаллаштириш юзасидан қатъий топшириқ ва кўрсатмалар берди.