Бугун вилоят раҳбари Жондор туманидаги “Оқтепа” маҳалласида бўлиб, ўзига бириктирилган эҳтиёжманд оилаларни ўрганди.
Ботир Зарипов дастлаб Шоҳида Исмоилова хонадонида бўлди. Маълум бўлишича, аёл 2-гуруҳ ногирони. Якка-ёлғиз яшайди. Йилда икки маротаба ихтисослаштирилган тиббиёт марказида даволанишга муҳтож. Даромади эса фақат давлат томонидан тўлаб берилаётган ногиронлик нафақасидан.
Ботир Зарипов Шоҳида Исмоилованинг истагидан келиб чиқиб, уни имтиёз асосида даволатиш, саломатлиги яхшилангач, қатнаб ишлаш имкони йўқлиги сабабли уни тумандаги тўқув фабрикасига касаначи сифатида ишга жойлаштириш, шунингдек, хонадоннинг қиш мавсумида иссиқлик манбаига эга бўлишини таъминлаш чораларини юзасидан масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари Жалол Рўзиев хонадонида бўлди. Мазкур хонадон соҳиби ҳам 2-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Комила Насуллаева ва уч нафар фарзанди билан яшайди.
— Мана, томорқа ери бор, иссиқхона қуриб берилса, бир бош соғин сигир олиб берилса, оиладагиларга қўшимча даромад бўлади. Ҳурматли Президентимиз биздан ана шуни нарсани хоҳлаяптилар, яъни, ночор оилалардаги шароитни ўз кўзимиз билан кўриб, уларга кўмак бериб, камбағалликдан чиқаришимиз керак, – деди Ботир Зарипов.
Лола Бўриеванинг турмуш ўртоғи вафот этиб, бир ўғил, бир қизни ҳам ота, ҳамона бўлиб улғайтирмоқда. Яхши даромад топиш истаги бору имкони йўқ. Вилоят ҳокимининг ташрифи унинг ана истакларига қанот бағишлади.
Ботир Зарипов хонадон бекаси билан обдон мулоқот қилди, қизиқишлари, таклифларини ўрганди. Шундан келиб чиқиб, бу оилага ҳам индивидуал тарзда ёндашилиб, уни камбағалликдан чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шаббона Комилованинг ҳам тақдири бошқаларига ўхшамайди. Унинг турмуш ўртоғи Жалол Комилов яқинда меҳнат миграциясидан қайтган. Ҳеч бўлмаса таксичилик қилиб рўзғор тебратиш илинжида “Матиз” сотиб олган.
— Икки нафар қизимиз бор. Ўтган йили турмуш ўртоғим хориждалигида қийналиб қолганимда субсидия асосида иссиқхона қуриб беришди. Ўша жонимизга анча оро кирди. Ўзим тикувчиликка уқувим бор. Сомон қолдиқлари, мунчоқлардан ўйинчоқлар ҳам ясайман. Лекин тикиш-бичиш учун замонавий тикув машинаси олишга, ясаган ўйинчоқларимни сотишга жуда қийналяпман,-деди Шаббона вилоят ҳокими билан мулоқотда.
Ботир Зарипов Шаббонанинг тиришқоқлигини, “бер-бер”ларга ўрганиб қолмай, ўзи меҳнат қилиб, даромад топишга иштиёқи баландигини эътироф этди. Унинг истагига кўра, шу куннинг ўзида субсидия асосида унга замонавий тикув машинкаси тегишли жиҳозлари билан берилди.
Ҳовли этагидаги иссиқхонани ҳам юритиш чоралари изланди ва унга ҳам ечим топилди.
Вилоят ҳокимининг қулупнай етиштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Оғабек Остоновнинг ташаббуси билан мазкур иссиқхона қайтадан жиҳозланиб, унга қулупнай экиладиган, парвариш учун алоҳида ходим бириктирилиб, хонадон эгаларини ҳам ўргатадиган, етиштирилган ҳосил ҳам сотиб олинадиган бўлди.
— Тўғриси, қаттиқ ҳаяжондаман. Ичимда гапларим кўпу лекин гапиролмаяпман. Ҳаммаси учун ташаккур…., – деди Шаббона вилоят ҳокими билан хайрлашар чоғ.
— Раҳматни менга эмас, Президентимизга айтинг, қизим, – деди Ботир Зарипов.
Шу куни вилоят раҳбари икки ўғли билан яшаётган Зилола Қамбарованинг ҳолидан ҳам хабар олди. Биринчи бахтдан мосуволик, иккинчи турмуш, турмуш ўртоғининг вафоти ва кундошли уйдаги уқубатлар, оғир турмуш шароити ҳайратларга сабаб бўлди. Оиладаги вазиятни ўнглаш муҳокамалар марказида бўлди.
— Кўрдинглар, бешта оила, беш хил тақдир. Хонадонма-хонадон юриб кўрмаганимизда, турмуш шароитини ўрганмаганимизда уларнинг ҳоли нима кечади. Мана, Ҳурматли Президент биз, раҳбарларга қўяётган вазифалари қанчалик тўғрилигини кўрдик. Энди вазифа-бундай оилаларни даромад топишга ўргатиш,-деди Ботир Зарипов ҳудуд секторлари ва “маҳалла еттилиги” билан мулоқотда.