Айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш ва ипотека соҳаларида ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда архитектура йўналишидаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтяпти.
Йиғилишда сўнгги беш йилда туман ва шаҳар бош режаларини ишлаб чиқишга 510 миллиард сўм ажратилгани, бироқ бугунги кунда 163 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилиши зарур бўлсада, 83 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ҳалигача якунига етказилмагани танқид қилинди.
Ёки, бош режаси бор ҳудудларда ҳам ер ажратиш ва қурилиш “генплан”га зид равишда амалга оширилмоқда.
Ўтган йилнинг ўзида республикада 814 та бундай ҳолат аниқланиб, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида анча юқори.
Бошқа бир мисол, Наманган шаҳрининг 2007 йилда тасдиқланган бош режасида 2035 йилгача аҳоли 630 минг нафарга етиши прогноз қилиниб, ҳисоб-китоблар қилинган. Ваҳоланки, бугунги куннинг ўзида Наманган шаҳри аҳолиси қарийб 1 миллион нафарга етди.
Ёки, “Навоий кон-металлургия комбинати” 2024 йилга қадар янги қувватларни ишга тушириб, 12 мингта янги иш ўрни яратади. Бу келгуси 4 йилда Зарафшон аҳолиси 100 минг нафардан (ҳозирда 84 минг нафар) ошиб кетади, дегани.
Зарафшоннинг бош режасида эса (2008 йилда тасдиқланган), шаҳар аҳолиси 2030 йилга бориб 70 минг нафарга етиши прогноз қилинган.
“Бир сўз билан айтганда, шаҳарларнинг аввал тасдиқланган бош режалари аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги кундаги ўсиш суръатлари, саноат ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси талабларига мос эмас”, деди Президент.