Гелминтлар (гижжалар) патологик микроорганизмлар, инсоннинг ёшлик даврларидан бирга бўладиган „ҳамроҳи“ дир. Улардан қўрқиш керакми, қачон ва қандай уларни даволаш керак, болалар касалланмаслиги учун нима қилиш керак – каби саволларга ушбу мақола орқали жавоб топасиз.
Бола туғилгандан бир неча ой ўтиб актив ҳаракат қила бошлайди, у атроф оламни сезги органлари билан ҳис қила бошлайди, биринчи навбатда – қўллари билан. қўллар ёрдамида қўлга илинган нарсаларни ушлаб кўради, ерда 4 “оёқлаб“ юради ва бармоқларини оғзига олиб боради. Шундай йўл билан барча паразитларнинг тухумлари бола организмига тушади.
Гелминтлар ўзи нима ?
Гижжалар – чувалчанглар, ўзининг паразитлик ҳаётини одам организмида ўтказувчи организмлардир. Бунда одам ёши рол ўйнамайди, катталар ҳам болалар ҳам бир хилда касалланиши мумкин. Гелминтларнинг классификацияси жуда кенг, айниқса иссиқ иқлимли мамлакатларда. Биз гелментларнинг барча турлари ҳақида гапириб ўтирмаймиз, фақатгина ўлкамизда кенг тарқалганлари ҳақида маълумот берамиз. Паразит чувалчангларнинг 3 катта гуруҳга бўлинади:
• Юмалоқ (нематодалар) – острица, аскарида;
• Тасмасимонлар (сестодалар) – чўчқа солитёри, қора мол солитёри, эхинококк;
• Ясси чувалчанглар, сўрувчилар (трематодалар).
Жойлашадиган жойига кўра улар қуйидагиларга бўлинади:
• Ичак гуруҳидаги паразитлар;
• Ичакдан ташқаридаги паразитлар (бошқа органларда паразитлик қилувчилар: жигар, упка, юрак ва бошқаларда).
• Айрим паразит чувалчанглар одам организмидан ташқарида ҳам кўпаяди ва миграция қилади.
Паразит чувалчанг турлари ҳақида батафсил маълумот
Барча паразитлар чувалчангларнинг деярли 90 %ини юмалоқ чувалчанглар – нематодалар ташкил этади.
Болаларда энг кўп учрайдиган паразит – острица (оддий гижжа), энтерибиоз касаллигини чақиради. Ушбу гелминтлар катта бўлмаган ўлчамда ўртача 1 см, оқ-кулранг рангда, эгилган танали организм. Бу паразитларнинг жойлашиш жойи йўғон ичакдир, баъзида улар ингичка ичакнинг пастки қисмида жойлашиши ҳам мумкин. Острицанинг кўпайиши анал тешиги териси атрофида кечади. Тунда острица урғочиси тухумларининг қўйиш учун тери бурмаларига боради, қиз болаларда кўпинча қин лабларига ҳам ўтади. Ушбу гелминтлар 1-1,5 ой ҳаёт кечиради. Бола ўз-ўзини зарарлаши унинг йиллар давомида безовталаниб юришига сабаб бўлади. Паразитни оддий (қуролланмаган) кўз билан ҳам нажасда ҳам кўрса бўлади.
Паразитлардан яна бир кенг тарқалган, болаларда кўп учрайдиган тури – аскарида. Бу нематодалар ўлчами 15 смгача етади. Паразит ингичка ичаклар қовузлоғида жойлашиб олиб тушаётган овқатларни еб қўяди. Аскарида нажасга камдан-кам ҳолларда тушади. Урғочи аскарида тухумларини нажас анализида топиш мумкин. Агар нажас таҳлилида тухумлар топилмаса, бу дегани бола аскарида билан зарарланмаган дегани эмас. Аскариданинг ҳаёт цикли бир неча йилларга етиши мумкин.
Гелминтлар қандай юқади?
Острицанинг ошқозон-ичакларга тушуши, организмнинг паразит билан зарарланиш деганидир. Острица тухумлари ташқи муҳитга ифлосланган нажас билан тушади. Тухумларнинг ташқи қобиғи ноқулай муҳитга чидамли ва ҳажми жуда кичик. Бола атроф муҳитни ўрганиш, жисмларнинг таъми ва таркибини билиш мақсадида қўллари билан ҳар нарсани ушлаб кўради ҳамда уларни оғзига олиб боради. Шу йўл билан острицанинг тухумлари ўзининг “бўлажак кичик хўжайини“ организмига тушади.
Бола организми курашиш қобилияти паст бўлганлиги сабабли паразит бемалол кўпая олади. Гижжалар билан ювилмаган мевалар ва ифлосланган сув орқали зарарланиши ҳам мумкин. Кўпинча зарарланиш болаларнинг ҳайвонлар билан мулоқотида, улар ахлати тушган тупроқ ва қумларда ўйнаганда ҳам кузатилиши мумкин. Болалар кўчада ўйнаб келганидан сўнг қўлларини ювишмайди, паразитлар бу вақтда организмга тушади. Шунинг учун барча болалар яшаш шароити ва тарбия муҳитидан қатъий равишда бирдай зарарланиши мумкин.
Гижжалар билан кимлар кўпроқ зараланади?
• Гигиена қоидаларига риоя қилинмаса;
• Уйда тозалаш ишларини регулар бажармаса;
• Яхши ювилмаган мева ва сабзавотларни еганда;
• Уйда ҳайвонлар сақланса;
• Бола сайрдан кейин, ҳожатдан кейин ва айниқса овқатланишда аввал қўлларини ювиш ўргатиламаган бўлса, бу болалар бошқаларга нисбатан гелментлар билан кўпроқ зарарланишади.
Гижжа аломатлари қандай?
Паразитларнинг инвазиясида кузатиладиган симптомлар унинг тури, тухумлари миқдори ва боланиниг курашиш қобилиятига боғлиқ. Симптоматик суръат ҳар хил кўринишда келади. Агар бола паразит чувалчанг тухумларининг кўп миқдорда зарарланса, умумий аҳволнинг ёмонлашиши бир неча суткаларда юзага келади. Бошқа ҳолатларда симптомлар бир неча ҳафталар ва ойларда кўринади. Боланинг иммунитети ҳам катта рол ўйнайди, организм паразитларнинг кўпайишини тўхтатиб туриши ҳам мумкин, лекин ма’лум вақт ўтиб организм сусайганда паразитлар юзага чиқиб, оғир муаммоларга олиб келиши мумкин.
Бирламчи белги бу заҳарланиш (интоксикация)дир. Паразитлар ҳаёт давомида катта миқдорда токсинлар ажратиб туриши, болада оқсил, ёғ, углевод ва витаминлар етишмовчилигига олиб келади.
Болада гижжа бўлса, қуйидаги белгилар кузатилади
• Озиб кетиш, тери рангининг рангпарлиги, ҳолсизлик, бош айланиши;
• Тана ҳароратининиг кўтарилиши;
• Бош оғриғи, уйқунинг бузилиши ва кайфиятнинг ўзгариши.
• Ичаклар томонидан – ич қотиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши ва оғриқлар, кўнгил айнаши ва қайт қилиш, қорин соҳасининг ба’зи жойларида оғриқ сезиш;
• Аллергик ҳолатлар – қичишиш, тошмалар, йўтал, нафас а’золари шиллиқ қавати яллиғланишлари;
• Иммунитетнинг сусайиши натижасида бошқа инфекцион касалликлар билан касалланиш.
Бу умумий симптомлар энтерибиоз ва аскарида учун ҳам хос.
Острица учун специфик симптомлар
• Орқа чиқарув тешиги атрофи тунда, урғочи гижжа тухум қўйиш учун тери атрофига келиши пайтида, қичишиши;
• Тери қичишиши натижасида қўл билан қичиш ва у натижасида яралар пайдо бўлиши;
• Қиз болаларда жинсий аъзоларида яллиғланиш жараёнлари кузатилиши;
Аскарида билан зарарланишнинг специфик белгилари
• Қуруқ йўтал, бронхит белгилари, ўпка яллиғланиши, плеврит;
• Паренхиматоз аъзолар ва лимфа тугунларининг катталашиши;
Бу белгилар аскаридаинг ривожланиш сиклидаги миграцияси туфайли келиб чиқади, у ўпка, жигар, юрак каби органларга миграция қилади. Уларнинг “саёҳати” 3 ойгача давом этади, сўнг улар ютиниш йўли билан ичакларга тушади ва умумий белгилар намоён бўлади.
Бола зарарлангандан кейин ва биринчи белгилар пайдо бўлганда, паразитларга гумон қилинганда қуйидаги тадбирлар ўтказилиши шарт:
• Нажас анализи 3 марта, оралиғи бир неча кун бўлиши керак;
• Қоннинг гелминтларга анализи;
• Қоннинг умумий таҳлили (острица тухумларига);
Қўшимча текширув сифатида:
• Ички аъзолар УТТиси;
• Рентгенография;
• КТ ва МРТ;
Бу текширувлар паразитларнинг бошқа органларда жойлашган жойларинин аниқлаб беради.
Ёдда тутинг! Гелминтларга текшириш ҳар доим ҳам мусбат натижа беравермайди.
Гижжани даволаш
Антигелминт препаратлар токсик, заҳарли хусусиятга эга бўлганлиги сабабли, болага зарар етказиб қўймаслик мақсадида эҳтиёткорлик чораларини кўриш керак. Шифокор гелментга қарши дори препаратларини тавсия қилганда, уни қачон, қанча миқдорда ва қандай ҳолатда ичиш кераклиги ҳақида аниқ маълумот олинг. Ва шунга қатъий амал қилишингиз зарур. Энг асосийси – ўзбошимчалик билан даволашга уринманг! Дори препаратларини фақатгина шифокор кўрсатмаси бўйича қўллаш шарт. Айрим ҳолларда бир неча дориларни биргаликда босқича-босқич қўллашга ҳам тўғри келиб қолади.
Пирантел болаликнинг иккинчи ярмидан буюрилса бўлади. Бу препарат педиатрияда кенг қўлланилади. Бир марта буюрилади. Шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш шарт. Ножўя та’сирларига қорин пацки соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, кўнгил айниши, ич кетиши, тана умумий қалтираши, кўз ўткирлиги пасайиши, галлютсинациялар пайдо бўлиши, кайфиятнинг ўзгариши ва бошқалар. Препарат 3 ёшгача бўлганларга тавсия қилинади.
Вермокс (мебендозол) 2 ёшдан катта болаларга буюрилади. Ҳар хил турдаги паразитларга қарши курашишда анча самарали ва бир қанча паразитлар билан қарши курашишда ҳам қўлланилади. Аммо ножўя таъсирлари анча хавфли. Қоринда оғриқлар, кўнгил айнаши, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, аллергик реакциялар, соч тўкилиши. Қон томонидан эритроцитлар ва лейкоцитлар сони камайиши, эозинофиллар сони ошиши (аллергия). Ҳомиладорлик ва лактация даврида буюрилмайди.
Албендозол 2 ёшдан катта бўлган болаларга буюрилади. Вермокс билан бир хил таъсир кўрсатади, аммо эффекти кўпроқ. Оғир паразитар гелментозларда қўлланилади. Препарат қатъий шифокор томиндан стационар ҳолатда буюрилади. Юқоридаги препаратлар каби ножўя таъсирлари борлигини ҳам унутмаслик лозим.
Декарис (левомизол) 3 ёшдан катта болаларга буюрилади. Кенг спектрдаги гелментозларда қўлланилади. Ножўя таъсирларига эътибор беринг: судорги бериши, бўғимларда оғриқ, жигар функцияси бузилиши. Препарат кучли токсик хусусиятга эга бўлганлиги сабабли адсорбентлар билан бирга буюрилади.
Гижжани уй шароитида даволаш
Халқ табобатида гелмитларга қарши қўлланиладиган усуллар жуда кўп. Замонавий тиббиёт ҳам халқ табобати паразитар касалликларда фойда беришини тасдиқламоқда. Лекин бу усуллар паразитлардан тўлиқ қутилишга кафолат бермайди.
Гижжани тушириш учун табиий рецептлар
Хом ёнғоқнинг мағзини олиб, 1 стакан қайнаган сувга солиб, унга 1 чой қошиқ туз солинади. Ҳосил бўлган аралашмани кун давомида ичиб юриб, сўнг юмшатувчи препаратлар ичилади.
Шувоқ кукунидан 1 чой қошиқ 0,5 литр қайнаган сувга солинади, бироз вақт кутилади, болага овқатланишдан ярим соат олдин 2 чой қошиқдан кунига 3-4 маҳал берилади.
Отқулоқ (шавел) нинг 5 кг миқдорини 1 литр сувда қайнатиб 2 соат кутилади. Тайёр бўлган аралашмани 2 ҳўпламдан овқатдан олдин ичиш тавсия қилинади.
Итшумурт (крушина) ўсимлигининг илдизидан 1 ошқошиқ олиб, 1 стакан қайнаган сувга солинади. Уни 3 соатга сочиқ билан ўраб қўйиш керак. Болаларга 1 чой қошиқдан кунига 3 марта бериш кифоя.
Анор пўстлоғини олиб, уни ярим соат 0,5 литр сувда паст оловда қайнатиб, уч марта ярим соат оралиғида бериш керак. Сўнгра 3 соат кутилиб, сурги дорилар ичилади.
Муҳим эслатма: табиий воситалар фақатгина асосий медикаментоз давога қўшимча сифатида самара беради.
Болаларда гелментоз профилактикаси
Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш муҳим ҳисобланади. Гелминтлар билан зарарланмаслик шартлари жуда ҳам осон ва самарали, фақатгина уларга риоя қилинса бўлгани. Улар қуйидагилар:
• Овқатланишдан олдин 2 марта қўлларни совун билан иссиқ сувда ювиш;
• Тирноқларни доимо олиб юриш;
• Ёш болалар кийимларини алмаштириб туриш;
• Болалар хонасини доимо тозалаб туриш;
• Ёш болали уйларда уй ҳайвонлари сақламаслик;
• Йилда 1 марта гелментларга қарши оилавий даволаниб туриш;
• Сайр давомида болалар қўлларини оғизларига солмасликларига эътиборли бўлиш.
Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими мудири, олий тоифали педиатр Вафоев Истам Икромович