22 январ куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон–Хитой таълим форуми ўтказилди.
Форумда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан 110 та етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, жами 250 нафар иштирокчилар қатнашдилар. Ушбу форумда Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Хамидов ҳамда БухДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Аброр Жўраевлар ҳам қатнашдилар.
Форум аввалида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазири ўринбосари Чен Сзе ўртасида учрашув ўтказилиб, тадбирнинг ва Олий даражадаги ташрифнинг икки томонлама алоқалар ривожидаги ўрни ҳақида суҳбат қурилди. Шунингдек, томонлар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Форумни Хитой Таълим вазири ўринбосари Чен Сзе, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов очиб бердилар. Тадбир ялпи мажлис ва 4 та панел сессиялардан ташкил топди. Мазкур Форумда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан 110 та етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, жами 250 нафар иштирокчилар қатнашдилар.
Форум доирасида Ўзбекистон-Хитой олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан 4 та йўналишда – аниқ фанлар, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, АКТ, гуманитар фанлар, тиббиёт ва фармацевтикага бағишланган панел сессиялари бўлиб ўтди.
Этиборли жиҳати шундаки, гуманитар фанларга бағишланган панел сессиясини Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов бошқариб борди.
Тадбир давомида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 70 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, 5 та олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур қўшма таълим дастури асосида 300 дан ортиқ талабалар Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, Форум доирасида 100 дан ортиқ Ўзбекистон талабалари учун грант дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Форумда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди. Ушбу Декларация доирасида Хитой ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида институционал платформа яратиш, Хитой-Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш, академик алмашинув дастурларини янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Форум доирасида аниқ фанлар, муҳандислик, АКТ, гуманитар фанлар, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида университетлараро учрашувлар ташкил этилди ва қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.