Болажонлар Янги йил байрамини орзиқиб кутадилар. Чунки ширинлик ва ўйинчоқлардан иборат байрам совғалари уларга бир олам завқ улашади. Айниқса, Янги йилни хонадонида эмас, касалхонада қарши олаётган бемор болалар учун бу орзудек гап.
Ромитан тумани ҳокими ўринбосари Фузулий Саломов туман тиббиёт бирлашмасида даволаётган жажжи кичкинтойларни байрам билан қутлаш мақсадида касалхонага борди.
Болажонлар Янги йилда тезроқ тузалиб, хонадонларда соғ-саломат юришларини тиладилар ҳамда уларга аталган совғаларни улашдилар. Беморларни даволаётган шифокорларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Инсонлар қалбига йўл топиш, уларнинг дардини тинглаш ва муаммоларига ечим топиш фақатгина саҳоватпеша инсонларга хос хусусиятдир. Халқимизда шундай гап бор: “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак”. Бу гап бежизга айтилгани йўқ. Бугун Ромитан туманида истиқомат қилувчи ҳар бир инсон эъзоз ва эътиборда эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.