Ургут тумани Ватак маҳалласида юз берган ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видео лавҳа юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
Ургут тумани Ватак маҳалласида яшовчи Қ.И.нинг келини Г.О. тўрт нафар фарзанди, турмуш ўртоғининг биринчи турмушидан бир нафар фарзанди билан яшаб келмоқда. Фарзандларнинг отаси уч ойдан буён Россия давлатига ишлаш учун кетган. Г.О. турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиб, низолашиб қолгани натижасида уч ёшли фарзандини калтаклаб, ушбу ҳолатни ўзининг телефони орқали видеога олиб, турмуш ўртоғининг телефонига юборган. Турмуш ўртоғи ушбу видеони онасига Қ.И.га юборган ва шу орқали ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Мазкур ҳолат шу куннинг ўзида мутасаддилар билан ўрганилиб, она-боланинг саломатлиги ва руҳий ҳолати мутахассислар томонидан назоратига олинди.
Айни вақтда келин Г.О. ўзини бошқара олмай қилган ушбу ишидан афсусланиб, аввал фарзандларига нисбатан бундай муносабатда бўлмагани, турмуш ўртоғи билан телефон орқали келишолмай қолгач, шу ҳолат юз бергани, уларни яхши тарбиялаб келаётганини айтган. Бинобарин, оиласи билан тинч яшаб келаётгани боис, аввал низоли вазиятга бормаган ва бу ҳақда ҳеч қаерга мурожаат қилмаган.
Шифокорларнинг маълум қилишича, боланинг саломатлиги яхши, онаси билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Шунингдек, ушбу ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.