Қонунчилигимизга кўра, суд ёки бошқа органлар қарорлари бўйича мажбуриятларни бажармаганда, қарздорликлар бартараф этилмаган тақдирда, қарздорлар жисмоний ёхуд юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситасига қидирув эълон қилиниши ёхуд автотранспорт
ва кўчмас мулкларга тақиқлар қўйилиши мумкин.
Кўп ҳолларда, фуқароларимиз, юридик шахслар ва бошқа субъектлар ўртасида автотранспорт ҳамда кўчмас мол-мулкларни нотариал равишда расмийлаштиришда юзага келадиган муаммоларнинг бири ҳам, айнан тақиқлар билан боғлиқдир.
Бугунги кунда Бюро органлари томонидан ҳужжатлар ижроси бўйича ва қарздорлик сабабли, 378 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларига тақиқ қўлланилиб, 259 мингтасига қидирув эълон қилинган.
Шунингдек, 621 мингта ҳужжатлар бўйича кўчмас мулкларга тақиқ ўрнатилган.
Демак, фуқароларимиз ўрнатилган тақиқлар масаласига эътиборли бўлишлари лозим!
Ушбу вазиятда, аввало фуқароларимиз автотранспорт воситаси ёки кўчмас мулкларга оид қидирув ёки тақиққа оид маълумотларни Бюронинг www.mib.uz расмий сайтидаги “Интерактив хизматлар” саҳифасидаги “Автотранспортни текшириш” ҳамда “Кўчмас мулкни текшириш” рукнлари орқали билиш мумкин.
Бунинг учун Сиз, “Автотранспортни текшириш” рукнига кириб, автотранспорт воситасига тегишли давлат рақами белгиларини киритишингиз ёки бўлмаса “Кўчмас мулкни текшириш” рукнига кириб кадастр рақамларни киритиш орқали тақиқ ёхуд қидирув мавжуд ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотларга эга бўласиз.
Агарда, автотранспорт воситаси ёхуд кўчмас мулкда тақиқлар аниқланса, ушбу сайтнинг “Қарздорликни текшириш” рукни орқали бу ҳақида батафсил маълумотни олиш мумкин.
Шунингдек, қарздорлик электрон тўлов тизими орқали бартараф этилганида, мавжуд қидирув ва тақиқлар шу заҳоти бекор қилинади.