USD10 427.380.00%
RUB137.90+0.92%

Автоҳалокат юзасидан расмий муносабат

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни «Bukhara News!» телеграмм канали орқали фуқаролар томонидан қилинган мурожаат бўйича

Автоҳалокат юзасидан расмий муносабат
Бухоро вилоят прокуратураси

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни соат 19 ларда, фуқаро Б.Якубов “Ласетти” автомашинасида Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, йўл ҳаракати қоидаларини кўпол равишда бузиб, йўлни кесиб ўтаётган, вояга етмаган М.Шомуродов ва В.Собировларни уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда вояга етмаган М.Шомуродов оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида, В.Собиров эса унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 19.11.2020 йилда касалхонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси   2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича, Б.Якубов гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда олиб борилаётган дастлабки тергов жараёни вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олиниб, терговни ҳар томонлама ва тўлиқ олиб борилиши мақсадида кўрсатма берилган.

Тергов давомида йўл – транспорт ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга имкон берган шарт – шароитларни бартараф қилишга, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни аниқлаш ва ундиришга каратилган чоралар кўрилмоқда.

Жиноят иши бўйича аниқланган дастлабки ҳолатлар, шунингдек воқеа содир бўлган ҳудуддаги аҳолининг фикрлари ўрганилиб, ўхшаш йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида, қўшимча зарур йўл ҳаракатини чекловчи белгиларни ўрнатиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда.

Тергов якуни бўйича жамоатчилик воситалари орқали қўшимча маълумотлар берилади

Мавзуга оид