Арманистонда бортида Россия фуқаролари бўлган B55 хусусий самолёти қулаб тушди. Бу ҳақда Armenpress хабар берди.
Ҳодиса 1 декабрь, маҳаллий вақт билан соат 14:20 да Жрабет қишлоғида юз берган. Самолёт икки двигателли бўлиб, Еревандан Астраханга учаётган бўлган. Воқеа жойига ихтисослашган хизматлар жўнаб кетган ва иккита куйган жасадни аниқлаган. Марҳумлар 1979 ва 1983 йилда туғилган Россия фуқаролари бўлган.
Россия манбалари самолёт қулаганидан кейин ёниб кетганини маълум қилди. Авиатехника очиқ майдонга қулаган, шунинг учун инфратузилма объектларига зарар етмаган, ҳалокат жойида бошқа қурбонлар аниқланмаган.