Мактаб битирувчиси бўлган судланувчи аввал аммасининг ўғлини ўлдирган. Сўнгра марҳумнинг аёли, боласи ва аммасини ўзини ҳам пичоқлаган.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат 2022 йилнинг 31 май куни тонгги соат 07:00да Қарши шаҳри “Комилон” МФЙдаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Қайд этилишича, судланувчи босқинчиликка тушган оилага бегона бўлмаган. Ўзининг аммасининг хонадони бўлгани учун аввал ҳам бу уйга келиб турган. Ўша куни эса аммасининг ўғли билан тортишиб қолади.
Келиб чиққан жиддий низо сабаб уни болға билан аёвсиз уриб, ўлдирган. Сўнгра марҳумнинг турмуш ўртоғи ва болалари ётган хонага пичоқ олиб кириб, дастлаб марҳумнинг хотинини, сўнгра боласини пичоқлаган. Она-болани ўлдирдим деб ўйлаб, марҳумнинг онаси ётган хонага киради.
Намозга уйғонган аммаси билан суҳбатлашиб, ўқишга кетаётганини айтиб, такси чақириб беришини сўрайди. Аммаси унга йўлкира бериш учун ўрнидан туриб, ўгирилганида унинг ҳам бошига уриб, ўлдиришга ҳаракат қилади. Аммаси ҳушидан кетгач, ҳовлига чиқади ва марҳум 27 ёшли эркакнинг автомобилини миниб, мактабига кетган. Пичоқ ва темир бўлакларини эса машинага яширган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан шу куни Қарши шаҳар прокуратураси томонидан О.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган эди.
Унга кўра, судланувчига қасддан одам ўлдириш, икки ва ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш ва босқинчилик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. Суд судланувчининг вояга етмагани, мактаб ўқувчиси экани ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳисобга олиб, уни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.