Амалга ошмаган қора ният

 Амалга ошмаган қора ният

Гиёҳвандлик – иллат

Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш, уни етиштириш, тарқатиш оғир жиноятлардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу жиноятни содир этганлар учун жазо муқаррар, аммо улар туфайли руҳий изтироб чекадиган, моддий ва маънавий зарар кўрадиганларда нима айб? Масалан, 39 ёшли Низам Бахтиёров оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор. Бу фарзандлар энди роппа-роса 7 йил ота меҳрига қониш, дийдорини кўришдан маҳрум бўлиб ўсадилар.Илгари судланмаган бу шахсни жиноят оламига ва суднинг қора курсисига ўтиришга айнан гиёҳвандлик сабаб.

Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деб бекорга айтишмаган. Унинг шериги Қурбон Шералиев ёш бўлса ҳам гиёҳвандлик билан кўп йиллар муқаддам ,,ошно” бўлган. У турли жиноятлар учун ҳозиргача тўрт марта судланишга улгурган. Илк бор 16 ёшида жиноий жазога тортилган Қ.Шералиев бу гал суднинг қора курсисига айнан гиёҳвандлик моддаси сабаб ўтиришга мажбур. Бу жиноятга Н.Бахтиёровни ҳам шерик қилиб олган.

Анча йиллардан буён гиёҳвандлик ашёларини истеъмол қилиш билан бирга тарқатиш билан боғлиқ оғир жиноятни содир этган бу шахслар Қашқадарё ва қўшни вилоятларда қанча инсонларни заҳарлаганликларини ҳисобига етиш мушкул. Аммо улар Бухоро вилоят ҳудудига ўз қора ниятлари билан ташриф буюрганларида йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан қўлга олиндилар.  Бемаҳалда амалга оширмоқчи бўлган миссияларига нуқта қўйилди.

Судга уларнинг қилмишлари кўриб чиқилди ва жиноятчиларнинг ҳар бири 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.  

Завқий Қурбонов,

жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси

Махмуд Арипов,

жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди раиси

Мавзуга оид