Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида мактабларда 2020-2021 ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда 28 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалаларига бағишланган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси, мактабларнинг янги ўқув йилига тиббий, санитария-эпидемиологик тайёргарлигини назорат қилиш, мазкур жараёнда тиббиёт ходимларининг иштироки, уларга юклатилган вазифалар ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилиши зарур бўлган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўз сўзида пандемия шароитида маҳаллий ҳокимликлар, тиббиёт ва таълим муассасалари олдида турган долзарб муаммоларни санаб, уларнинг ечимларига ҳам тўхталиб ўтди, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Мисол учун, республикадаги мавжуд 9942 та мактабнинг барчаси ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан бу муаммо ҳал этилиши муҳимлиги таъкидланди.
— Таълим муассасаларида тозалик ва озодаликни сақлаш, дезинфекция ишларига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳим бўлган масалалардан бири. Бу учун санитария хизмати марказлари шу йилнинг 5 сентябрига қадар ўз худудларидаги ўқув даргоҳларининг тайёргарлик ҳолатини ўрганиб, мактаб жамоасини текширувчи бўлиб эмас, балки уларга ҳар жиҳатдан амалий кўмак бериб, дарс жараёнларида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш борасида тренинг ва репетициялар ўтказиши зарур. 480 минг нафардан ортиқ ўқитувчи фаолият кўрсатадиган ва 6,2 миллион нафардан ошиқ ўқувчи таҳсил оладиган таълим муассасаларини эпидемик ўчоққа айлантириб қўйишга ҳаққимиз йўқ, — деди Алишер Шодмонов.
Йиғилишда, шунингдек, таълим муассасаларининг 1 057 тасида тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги, тиббиёт хоналари ва изоляторларни ташкил этишда маҳаллий ҳокимликлар ва халқ таълими мутасаддиларига тиббиёт ходимлари ўз тавсиялари ва кўрсатмалари билан яқиндан ёрдам бериши айтилди.
Бундан ташқари, мактаб ошхоналарининг ҳолати, уларнинг санитария талабларига жавоб бериши зарурлиги, сифатига шубҳа қилинган овқатларни муассаса ҳудудига киритиш ва ноқонуний савдонинг олдини олиш кераклиги, кўп мактабларда ҳожатхоналарнинг ҳам гигиена талабларига жавоб бермаслиги каби қатор муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.