Кушшаев Акмалжон Комилович (исми ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2013 йил 30 июлдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Астанова Муниса фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлса-да, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, алимент маблағларини жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2021 йил 13 декабрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шундай бўлса-да, А.Кушшаев бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 2021 йил 13 декабрдан 2022 йил 1 ноябрга қадар яъни, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида 8 млн. 537 минг 650 сўмлик алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги натижасида учун жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг 2022 йил 19 декабрдаги ҳукми билан ЖК 122-моддасининг 1-қисми билан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчи А.Кушшаев апелляция инстанцисига шикоят билан мурожаат қилиб, жабрланувчига етказилган зарар қопланганлигини инобатга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 30 январдаги ажрими билан А.Кушшаев томонидан жабрланувчига алимент пулларини тўлиқ тўлаб берганлиги сабабли, унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилиб, А.Кушшаев қамоқдан озод қилинди.
Нозимжон Жураев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти