Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994–2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.
Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.