Давлат раҳбарининг 23.11.2021 йилдаги ПҚ-20-сон қарорига асосан, фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022 — 2025 йилларда давлат захирасига қайтарилади.
Захирага қайтарилган ерлар деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектар (10 сотих)дан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага берилади.
Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-IJARA» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да турган оилалар ерни ижарага олишда бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлади.