Маълум қилинишича, Фанлар Академияси Миллий археология маркази ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан Когон туманининг чўл ҳудудида 4 та қадимги ғор қолдиқлари кўздан кечирилган. Ғорларнинг кириш қисми қумлар ва ўпирилган тошлар билан кўмилиб, ташқи кўринишидан деярли билинмайди. Улар бир-биридан юзлаб метр масофаланиб, қандайдир тизим ва боғланиш аниқланмаган.
Ғорлар нима мақсадда қурилганини билиш учун энг йириги танлаб олинган ва ёритиш жиҳозлари ёрдамида 80–100 метр масофа ва 10–15 метр пастликка тушилган. Унинг айрим жойлари жуда тор, айрим жойлари кенг ва қўшимча йўналишлар очилган.
Ғорнинг геологик қатламлари асосан оҳактошдан иборат бўлганлиги сабабли ғор ўрта асрлар даврида (ХII-ХIII) маҳаллий кончилар тарафидан қазилиб еростки заҳираларидан жуда кенг кўламда фойдаланган ҳамда ганч қурилиш материалининг хомашёси олингани аниқланган.