Марказий банк жисмоний шахсларнинг валюта операцияларига доир маълумотларни тақдим этди.
2022 йил январь—май ойларида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалари 4,19 млрд долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 61 фоизга (1,58 млрд доллар) ошди. Ўтган йилнинг дастлабки 5 ойида 1,58 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилган эди.
Апрель ойида 1 млрд долларлик пул ўтказмалари билан рекорд қайд этилган эди. Май ойида бу кўрсаткич 1,6 млрд долларга етди.
Ўзбекистондаги пул ўтказмалари нималарга таъсир кўрсатади?
Россиядан амалга ошириладиган пул ўтказмаларининг Марказий Осиё давлатлари учун аҳамияти жуда катта – улар маҳаллий аҳолини таъминлайди ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди.
Пул ўтказмалари ҳаттоки хорижда ишлайдиган ҳеч кими йўқларга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Биринчидан, пул ўтказмалари ташқи савдодаги салбий сальдони қисман қоплайди – Ўзбекистон деярли доимо сотишдан кўра кўпроқ харид қилади. Иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси йилнинг биринчи чорагида 1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 11 фоиз ёки 121 млн долларга камроқ бўлди. Бу эса четдан кириб келаётган пул ўтказмалари сони дастлабки уч ойда камайгани билан боғлиқ.
Иккинчидан, ўтказмалар сўм курсини қўллаб-қувватлайди. Улар туфайли май ойида сўм бор-йўғи 1,8 фоизга қадрсизланган — бу сўнгги йиллар ичидаги энг яхши кўрсаткичлардан бири. Ўзбекистонга амалга ошириладиган пул маблағлари қанчалик кўп бўлса, бозордаги чет эл валютаси таклифи ҳам шунчалик юқори бўлади. Ўтган йилда мазкур таклиф 1,6 мартага ўсган эди.
Шундай қилиб, мигрантларнинг пул ўтказмалари аҳолининг тўловларни амалга ошириш имкониятини, товар ва хизматларга бўлган талабни, иқтисодий ўсишни бевосита таъминлайди.