Ўзбекистон Республикаси номидан
Ҳ У К М
2020 йил июнь ойининг 19 куни жиноят ишлари бўйича Когон туман суди, суд биносида, очиқ суд мажлисида, Қ.Холовнинг раислигида, судья ёрдамчиси О.Солиеванинг котиблигида, тарафлардан давлат айбловчиси Когон туман прокурор ёрдамчиси Ж.Ходжаев, судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна ва унинг ҳимоячиси – адвокат Ҳ.Жумаеваларнинг иштирокида, судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевнага оид 1-2004-2001/38-сонли жиноят ишини кўриб чиқди.
Иш ҳужжатларига кўра:
Ляпина Татьяна Алексеевна (Lyapina Tatyana Alekseyevna) – 1958 йил 5 июль куни Навоий вилояти, Қизилтепа туманида туғилган, миллати рус, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 5 нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, нафақада, Бухоро вилояти, Когон шаҳар, “Навзирабод” МФЙ, Амиробод кўчаси 105-уйда яшайди, эҳтиёт чораси сифатида “Муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақида тилхат” қўлланган, айблов далолатномаси нусхасини 2020 йил 15 июнь куни олган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-модда 1-қисми ва 276-моддаси 1-қисми билан айблашга оид 1-2004-2003/38-сонли жиноят ишини кўриб, судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувини, тарафларнинг музокара, судланувчининг охирги сўзини эшитиб, ишдаги ҳужжатларни таҳлил қилиб, қуйидагиларни
А Н И Қ Л А Д И :
Судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна 2020 йил 20 май куни соат 11:30ларда ўтказилаётган “Қора дори -2020” тезкор тадбири давомида Когон шаҳар “Амиробод” кучаси 105-уй ҳовлиси ва ер-томарқаси кўздан кечирилганда, фуқаро Ляпина Татьяна Алексеевна 2020 йил март ойи бошларида ҳовлидаги ҳамом ва товуқхона биноси олд қисмида, Бухоро вилоят ИИБ ЭКБнинг 20.05.2020 йилдаги 126-сонли кимёвий экспертиза хулосасига кўра, 26 туп яшил ва сарғиш-яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, бўйи 20-60 см, поясининг диаметри 3-6 мм.гача бўлган, таъқиқланган гиёҳвандлик ўсимлиги ҳисобланган ва таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлган “Кўкнор” ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб-етиштириб келаётгани, шунингдек уйи кладовкасида, Бухоро вилоят ИИБ ЭКБнинг 20.05.2020 йилдаги 126 ва 127-сонли кимёвий экспертиза хулосаларига кўра, сарғиш-яшил рангли, ўзига хос ҳидли, қуритилган ҳолдаги соф вазни 25,21 граммга тенг “Кўкнор хашаги” ва кладовка подаконигида турган темир қутида яшил рангли, ўзига хос ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик гулмуғжаси пўстлоқлари таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлган соф вазни 3,96 граммга тенг “Кўкнор хашаги”ни қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Судда судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, 2020 йил 20 май куни ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида унинг Когон шаҳар “Амиробод” кучаси 105-уй ҳовлиси ва томарқа ери кўздан кечирилганда, ҳовлисидаги ҳамом ва товуқхона биноси олд қисмида, 26 туп “Кўкнор” ўсимликларини экилганлиги аниқланганлигини, бундан ташқари уйининг кладовкасида қуритилган ҳолдаги “Кўкнор хашаги” ва кладовка подаколнигида турган темир қутида қуритилган ҳолдаги ўсимлик гулмуғжаси пўстлоқлари таркибида гиёҳванд модда мавжуд бўлган “Кўкнор хашаги”ни қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланганлигини, ушбу топилган гиёҳванд моддалар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинганлигини, Когон шаҳар “Амиробод” кучасидаги 105-уй унга тегишли эканлигини, ушбу уйда унинг ёлғиз ўзи истиқомат қилиб келаётганлигини, ушбу уйга унинг қизи келиб туришини, ҳозирги кунда айбига тўлиқ иқрор ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини баён қилиб, унга қонуний енгиллик берилишини сўради.
Судда гувоҳ Олимов Сафар Комилович, 2020 йил 20 май куни Когон шаҳри Амиробод кўчасида ўз ишлари билан юрганида ИИБ ходимлари унга бир хонадонни текшириб кўришда холис сифатида қатнашишини сўраганликларини, у ўз ихтиёри билан рози бўлиб улар билан Когон шаҳар Амиробод кўчаси 105-уйга кичик темир дарвоза орқали кирганликларини, уларни рус миллатига мансуб ўзини Ляпина Татьяна деб таништирган аёл уларни кутиб олганлигини, ИИБ ходимлари унга томорқа ерларини текширишларини айтганларидан сўнг Ляпина Татьяна уларни ичкарига қўйганлигини, у ИИБ ходимлари билан ичкарига кирганларидан сўнг чап томонда бўлган иккита томорқа ерларини кўздан кечириб, шу ердаги ҳар хилдаги полиз эканлари экилганини ва мевали дарахтлар борлигини кўрганликларини, ҳовлини ҳаммом ва товуқхоналар олди кўздан кечирилганда оёқ ости ҳар жойда катта баргли ўртача бўйли ҳар хил катталикдаги кўкнорга ўхшаш бошоқли ўсимликлар ўсиб турганлиги кўрганликларини, ҳаммом олди қисмидаги майда ерча ичида кўкнор ўсиб турганлигини, уларни ости юмшатилган ва сув қуйилган ҳолда бўлганлигини, иккинчи кичик ер ичида эса крапивага ўхшаш ўсимлик, ён қисмида эса кўкнор ўсиб турганлигини, товуқхона олд қисмида қатор бўлиб ўсиб турган кўкнорлар остки қисми ва ён томонидан ҳимояланган ҳолда, яъни чўпли яшик бўлаклари билан кўтариб-қистириб қўйилганлигини, ИИБ ходимлари уларнинг иштирокида ҳар жойда ўсиб турган кўкнорларни санаб, уларни илдизи билан қўпориб олганларида уларни сони 20 та эканлиги аниқланганлигини, шу ўсиб турган кўкнор ўсимликларининг бир қисмида бошоқ қисми узиб олинганлигини кўрганликларини, шундан сўнг ИИБ ходимлари текширишни давом эттириб, эшиги очиқ ҳолда қолган кладовкани кўздан кечирганларида кладовка ичкарисида ёғоч яшиклар устида қуритилган ҳолдаги жами 6 тупдан иборат бир хилларини бошоқ қисми узиб олинган кзкнор ўсимликлари борлигини кўрганликларини ва шу кладовка деразачаси подоколнигида бўлган темир банкалар, яъни болалар сум смеси кофе банкаларидан иккитаси, кофе банкаси ичида қуритилган ҳолдаги пўстлоқсимон, яшил рангли ўсимлик бўлакларини бўлиб, иккинчи 50 грамли кофе банкасида эса сарғиш, жигаррангли ўсимлик уруғлари борлиги аниқланиб тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинганлигини, ИИБ ходимлари 20 туп кўкнор ўсимликларини илдизлари билан бирга юлиб олиб, оқ рангли полиэтилен пакетга солишиб муҳрлашганликларини, кладовкадан топилган куритиб қўйилган 6 туп бошоқлари бўлган кўкнор ўсимликларини селофан пакетга солиб, тарозида ўлчаб вазни 24,1 грамм эканлиги аниқланганлигини, селафанга солиб муҳрланганлигини, бундан ташқари иккита темир банкаларда бўлган қуритилган ўсимлик пўстлоғи ва уруғларини банкаси билан биргаликда селофанга солиб муҳрлашганликларини баён қилди.
Суд, судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевнанинг суд ҳукмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликдаги айби, унинг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари;
жиноят ишининг 2-иш варағидаги – хабарнома;
жиноят ишининг 3-17-иш варақларидаги – воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва фотосуратлар;
жиноят ишининг 28-31-иш варақларидаги – судга оид кимёвий экспертиза хулосалари, фотосуратлар;
жиноят ишининг 38-иш варағидаги – тинтув баённомаси;
жиноят ишининг 62-иш варағидаги – судга оид наркологик экспертиза хулосаси ҳамда жиноят ишида мавжуд бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топди деб ҳисоблайди.
Суд, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевнанинг таъқиқланган экин, яъни “кўкнор” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб-етиштиришда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисмида таъқиқланган экинларни, яъни “кўкнор” ёки “мойли кўкнор”, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш белгиланган.
Судда, судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна Когон шаҳар “Амиробод” кучаси 105-уй ҳовлиси ва ер-томарқасида 2020 йил март ойи бошларида 26 туп таъқиқланган гиёҳвандлик ўсимлиги ҳисобланган ва таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлган “Кўкнор” ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб-етиштириб келаётгани аниқланди.
Шунингдек суд, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевнанинг таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “кўкнор хашаги” гиёвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлашда ифодаланган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддасининг 1-қисмида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш белгиланган.
Судда судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна уйи кладовкасида, сарғиш-яшил рангли, ўзига хос ҳидли, қуритилган ҳолдаги соф вазни 25,21 граммга тенг “Кўкнор хашаги” ва кладовка подаколнигида турган темир қутида яшил рангли, ўзига хос ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик гулмуғжаси пўстлоқлари таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлган соф вазни 3,96 граммга тенг “Кўкнор хашаги”ни қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинганлиги аниқланди.
Суд, судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевнага жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг муқаддам судланмаганлигини, ёшини, аёл киши эканлигини, нафақадалигини, оилавий шароитини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, суддаги ўзининг ҳатти-ҳаракатига нисбатан салбий баҳо бериш кўринишидаги хулқ-атворини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни сифатида инобатга олишни, унинг ҳаракатида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб эътироф этишни, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисмида ҳамда 276-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топишни, унга Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, Жиноят кодекси 276-моддасининг 1-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, Жиноят кодекси 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил озодликни чеклаш жазоси тайинлашни ва унинг сутканинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 06:00га қадар яшаш жойидан чиқиб кетиши чеклашни, Ляпина Татьяна Алексеевнанинг зиммасига оммавий тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик қўшимча таъқиқ (чеклаш)лар юклатишни, озодликни чеклаш муддатини Ляпина Татьяна Алексеевна жазони ижро этиш инспекциясида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисоблашни, жазо ижросини таъминлашни Когон шаҳар ИИО пробация гуруҳи зиммасига юклатишни, Ляпина Татьяна Алексеевнага нисбатан қўлланилган “муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақида тилхат” эҳтиёт чорасини ҳукм қонуний кучга киргач бекор қилишни, иш бўйича ашёвий далил 2 дона ДВД дискларини жиноят иши билан бирга сақлашни, ДХХ Бухоро вилоят бошқармасига топширилган 26 туп “Кўкнор” ўсимликлари ва қуритилган, яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли ўсимлик гулмуғжаси пўстлоқлари таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва табаин мавжуд бўлган, экспертиза тадқиқотидан сўнг қолган 3,83 грамм «Кўкнор хашаги» гиёҳвандлик воситасини йўқ қилишни лозим топди.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 211, 454-457, 462-463, 465-468, 471, 473 – моддаларини қўллаб, суд
Ҳ У К М Қ И Л Д И :
Судланувчи Ляпина Татьяна Алексеевна (Lyapina Tatyana Alekseyevna) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисмида ҳамда 276-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилсин.
Унга:
Жиноят кодекси 270-моддасининг 1-қисми билан 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин;
Жиноят кодекси 276-моддасининг 1-қисми билан 1 /бир/ йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин.
Жиноят кодекси 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 1 /бир/ йил 6 /олти/ ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин ва унинг сутканинг кеч соат 21:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиб кетиши чеклансин.
Ляпина Татьяна Алексеевнанинг зиммасига қуйидаги қўшимча таъқиқ (чеклаш)лар юклатилсин:
– оммавий тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
– алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
– назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик.
Озодликни чеклаш муддати Ляпина Татьяна Алексеевна жазони ижро этиш инспекциясида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисоблансин.
Жазо ижросини таъминлаш Когон шаҳар ИИО пробация гуруҳи зиммасига юклатилсин.
Ляпина Татьяна Алексеевнага нисбатан қўлланилган “муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақида тилхат” эҳтиёт чораси ҳукм қонуний кучга киргач бекор қилинсин.
Иш бўйича ашёвий далил:
2 дона ДВД дисклари жиноят иши билан бирга сақлансин;
ДХХ Бухоро вилоят бошқармасига топширилган 26 туп “Кўкнор” ўсимликлари ва қуритилган, яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли ўсимлик гулмуғжаси пўстлоқлари таркибида опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодеин ва табаин мавжуд бўлган, экспертиза тадқиқотидан сўнг қолган 3,83 грамм «Кўкнор хашаги» гиёҳвандлик воситаси йўқ қилинсин.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг кассация инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.
Раислик қилувчи: Қ.Холов