Юристга мурожаат:
Ассалому-алайкум. Мен телеграмда каналим бор, блогерман. Блогер деганда уни қонуний асоси борми, кейин мен 50 мингдан ортиқ бўлган каналимда реклама билан шуғулланиб даромад топишим мумкинми, бу қонунбузарлик бўлмайдими? Илтимос шу саволимга асослантириб жавоб берсангиз.
📌 ЖАВОБ:
✅ “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра блогер — интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланди.
☝️ Яъни, блогерлик фаолияти билан ҳар қандай жисмоний шахс шуғулланиши мумкин.
▫️Бунда шахс интернет тармоғида саҳифа очиб, шу саҳифасига бўлаётган жарёнларга муносабат мазмунида ахборот ёки маълумотни бошқа фойдаланувчилар томонидан муҳокама учун жойлаштирса, бу блогерлик ҳисобланади.
▫️Блогер сифатида қандайдир жойдан ёки давлат органидан рўйҳатдан ўтиш талаб этилмайди.
Энди, блогернинг реклама фаолиятдан даромад олиши масаласига келсак.
✅ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сонли “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 июлдан “Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларининг кенгайтирилган рўйхати” тасдиқланди.
◽️Рўйҳатда кўрсатилган фаолиятлар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятига ўхшаб кетсада, аслида ушбу ўзини-ўзи банд қилиш асосида амалга ошириладиган фаолият тадбиркорлик фаолияти бўлмайди.
☝️ Яъни, рўйҳатдаги фаолият билан оддий фуқаро сифатида шуғулланиш мумкин бўляпти.
🔷 Эътибор беринг. Ушбу рўйҳатнинг 65-қаторида фуқароларнинг (масалан блогерларнинг) ўзини-ўзи банд қилиш тартибида шуғулланиши мумкин фаолият турларидан бири сифатида:
✅ ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менеджер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси) кўрсатилган.
☝️Демак, интернет тармоғида ўз саҳифасига эга бўлган блогернинг фаолияти ҳам айнан юқоридаги Рўйҳатнинг 65-қаторида кўрсатилган “Ижтимоий тармоқлардаги фаолият” ҳисобланмоқда.
✅ Бу фаолиятнинг бир қисми сифатида энди блогерлар қонуний тартибда бемалол товарлар ва хизматларнинг рекламаси билан шуғулланиб, даромад олиши мумкин бўляпти.
❗️ Эслатиб ўтамиз. Жорий йилнинг 1 июлидан ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйҳатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тизими ишга тушади.