Мавлон Козимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1993 йилда Бухоро вилояти, Когон туманида туғилган. У уч фарзанднинг отаси. Лекин вақтинча ишсиз. Кунлардан бир кун Мавлоннинг миясига бир аҳмоқона фикр келди. У осон йўл билан дарров бойиш режасини тузди. Аммо, “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” эканлигини ўйлаб ҳам кўрмади.
“Уддабурон” 2023 йил декабрь ойи бошларида ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида Когон тумани, Янги ҳаёт МФЙ, Амиробод массивида жойлашган “Когон строй престиж” МЧЖга қарашли пишган ғишт ишлаб чиқарувчи заводга келиб уланган, ҳажми 89 диаметрли 706 метр бўлган баҳоси 52.950.000 сўмлик темир қувурларни яширин равишда талон-тарож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилди. “Иш” ни ўзича хамирдан қил суғургандек битирган йигитнинг оғзи қулоғида. Ахир ким бир тийин сарфламай, бир кунда салкам 53 миллион сўм топиб билади?!
Халқимизда топиб айтилган гап бор: “Емоқнинг қусмоғи ҳам бор”. “Ишбилармон” нинг қинғирлиги узоққа бормади.
Суд, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини, тарафларнинг музокара ҳамда судланувчининг охирги сўзларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд далилларга баҳо бериб, судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди. Натижада, унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йилу олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Бу суд ҳукми бир кунда бой бўлган “қаҳрамон” учун умрбод эсдан чиқмас дарс бўлди, деб ўйлайман. Қинғир йўлни танлаш ниятидаги бошқаларга Мавлоннинг хатоси ибрат бўлса ажаб эмас.
Д. НАИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг судьяси